Самарқандда сохта гидларнинг кўплиги оғриқли нуқтамиз

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳрида Халқаро пресс клуб томонидан “Ўзбекистонда олий таълим тизими: ислоҳотларнинг янги босқичи, муаммоларнинг чуқур таҳлили ва тезкор ечимлар” мавзусида сайёр анжуман ўтказилди. Унда тарихий обидаларимиз ёнида сохта гидларнинг кўпаяётгани, улар томонидан туризмнинг салоҳиятига мос келмайдиган кийимларда сайёҳларга нотўғри маълумот берилаётгани ҳақида  «Ипак йўли» туризм халқаро университети проректори Баҳодир Тўраев қуйидаги фикрларни билдирди.

- СамДУ қошида туризм ва реал сектор иқтисодиётида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Самарқанд вилояти маркази очилганди. Мана шу марказда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томондан франшеза олинган. Гид-таржимонлик фаолияти бўйича беш ойлик курслар очилган. Сохта гидларнинг кўпаётгани нафақат тарихий обидаларнинг олдида, балки бу муаммо вокзалдан тушаётган туристларнинг олдидан бошланади. “Афросиёб” поездидан тушаётган туристга на лицензияга эга, на етарли маълумотга эга такси ҳайдовчиси ҳам, меҳмонхона ходими ҳам ўз хизматини таклиф этади. Вилоят Жамоатчилик кенгашида туризм масалалари бўйича ўтган йиғилишда айнан шу масалаларни кўриб, қарор ҳам чиқаргандик. Самарқандда айнан шу мақсадда хавфсиз туризм полицияси ташкил этилган. Аммо оммавий нашрларда ҳам нотўғри ахборотларнинг берилаётгани, бизни ҳушёрликка чақиради. Университетимизда ҳам бу йилдан гид-таржимонлик бўйича ўқув ишларини бошладик. Америка ҳамда Европа стандартларига кўра, 3 йилда талабаларни тайёрлайди. Ҳозирдан бунга амалий чора кўрмасак, бу бора-бора Ўзбекистон имижига салбий таъсир этади.