Самарқандда Туркия сармоясидаги корхоналар сони 100 дан ортди

Туркия мамлакатимизнинг асосий савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Икки давлат ўртасида йил сайин савдо, хизматлар ҳажми, ижтимоий соҳадаги лойиҳалар, ишлаб чиқариш йўналиш­лари, қўшма ва хорижий корхоналар сони ортиб бормоқда.

Вилоят инвестиция ва ташқи савдо

бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, бугунги кунда Самарқандда Туркия компания­лари капитали иштирокида 68 та қўшма корхона ҳамда 39 та хорижий корхона фаолият юритмоқда.

Жумладан, Паст Дарғом туманида сендвич панел ишлаб чиқарувчи "Panelsav", Ургут туманида "IDEAL ELEKTRO LYUKS" маиший техника корхоналари ишлаб турибди. Самарқанд шаҳридаги "KAPLANSER SAM", "SAM-ANTEP-GILAM" қўшма корхоналарида гилам маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган бўлса, "SAM ANTEP TEXTILE GROUP"да текстиль маҳсулотлари тайёрланмоқда, "ZARTEK DIALIZ MEDSERVIS" корхонасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиляпти.

2021 йилда 27 та инвестиция лойиҳаси доирасида Туркиядан 33,9 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди.

Жорий йилги давлат Инвестиция дастурига асосан вилоятда Туркия билан ҳамкорликда 6 та янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу лойиҳалар доирасида январь-февраль ойларида 2,5 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилди.

Хусусан, Ургут туманида "SMART HYGIENE FACILITIES" қўшма корхонаси негизида гигиеник воситалар (катталар ва болалар учун тагликлар) ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси доирасида 2,5 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилди.

2021 йилда Самарқанд вилояти ҳамда Туркия Республикаси ўртасида ўзаро товар айланмаси 156,3 миллион долларни ташкил этган ва бунда экспорт ҳажми 42,2  миллион доллар бўлган.

2022 йилнинг дастлабки икки ойида Туркия билан товар айланмаси 30 миллион долларни ташкил этиб, 10,8 миллион долларлик маҳсулотлар  экспорт қилинди.