Самарқандда яширин сил касаллигини эрта аниқлайдиган квантиферон тест анализатори ишга туширилди
Вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази 590 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 400 нафардан зиёд бемор даволаняпти. Марказда олти йилдан буён минтақалараро замонавий бактериологик лаборатория фаолият кўрсатмоқда.
Марказ директори Шерали Шерқуловнинг таъкидлашича, марказга сил касаллигини эрта ташхислаш ва даволаш учун 10 та "ХDR Gen Expert" замонавий аппарати олиб келинган. Мазкур аппарат молекуляр генетик текширув усули билан автоматик равишда ДНКни ажратиб, сил таёқчаси бор-йўқлигини 70 минут давомида аниқлаб беради. Бундай аппаратлар вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказида иккита, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари ҳамда Тойлоқ, Ургут, Булунғур, Иштихон, Пахтачи, Оқдарё туманларига биттадан берилган.
Яқинда марказнинг бактериологик лабораториясига янги турдаги диагностик лаборатор аппарат - квантиферон тест анализатори ҳам олиб келинган бўлиб, бу аппарат орқали қонда яширин сил касаллигини эрта аниқлаш мумкин. Эътиборлиси, ушбу анализатор республикада биринчилардан бўлиб вилоятимизда ишга туширилган.
- Ушбу аппарат Германия тараққиёт банки томонидан “Туберкулёз 5” лойиҳаси асосида 238,6 миллион сўмлик грант маблағлари хисобидан олинган, - дейди Ш.Шерқулов. - Квантиферон тест анализатори латент туберкулёз инфекциясини эрта аниқлаш мақсадида қон зардобидан иммунофермент таҳлили ўтказилади. Квантиферон тест аппарати венадан олинган 5 миллиграмм қонда латент туберкулёзни, яъни яширин силни аниқлашга мўлжалланган диагностик аппаратдир. Анализатор томонидан олинган таҳлиллар жавоби уч кунда чиқади. Аппарат қон таркибида гамма интерферон ферментини аниқлайди. Ушбу гамма интерферон қонда нормадан юқори бўлса, организмда яширин сил борлиги белгиси бўлади.
Квантеферон аппарати орқали асосан туберкулёз билан касалланиш хавф гуруҳидаги беморлар, ОИВ билан касалланган беморлар ҳамда тез-тез касалланувчи болалар текширилади. Шунингдек, ушбу аппарат ёрдамида ИФА анализаторлари томонидан ўтказиладиган барча турдаги таҳлилларни ўтказиш мумкин.
Шу каби янги тиббий ускуналарнинг ўрнатилиши ва ишлатилиш ҳолати билан танишиш учун марказга келган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи С.Зайниев ва мутахассислар муассасада куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ҳам кўздан кечириб, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида марказда ташкил этилган “Шификорлар боғи”да дарахт кўчатлари экди. Шу пайтгача бу ерда 250 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган бўлиб, яна 300 дан зиёд дарахт кўчати ўтқазиш режалаштирилган.
Фазлиддин Рўзибоев.