Булунғурда тиббий буюмлар ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилади

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати берган маълумотга кўра, бу борада бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Хусусан, “Медикал нажот” масъулияти чекланган жамияти томонидан хусусий тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида 4 қаватли бино қурилган. Бу ерга Жанубий Кореядан келтириладиган 400 минг долларлик замонавий лаборатория, диагностика, компьютер тамография ускуналари ўрнатилади.

Тиббий марказда 50 та янги иш ўрни яратилади. Умумий қуввати 60 ўринга мўлжалланган хусусий шифохонада оддий ва люкс хоналар ташкил этилади.

Қайд этилишича, туманда етишмайдиган мутахассислар Самарқанд шаҳридан шартнома асосида жалб этилади. Марказда шунингдек, хорижда тажриба орттирган кардиолог, неврохирург сингари юқори малакали шифокорлар иш олиб боради.

Шунингдек, “Булунғур медсервис” оилавий корхонасида мебель ва шифохона жиҳозлари тайёрланяпти. Янги лойиҳага кўра, бу ерда бел грижасидан кейин тақиб юриладиган ускуна ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.