Самарқанддаги мактабларда таълим сифатини ошириш учун Сингапур тажрибасидан фойдаланилади

Бу усул қандай самара беради?

Маориф соҳасига катта сармоя киритиб, юксак натижаларга эришаётган давлатлардан бири Сингапурдир. Сингапур илмий-техник ривожланиш соҳасида жаҳонда етакчи мамлакатлардан бирига айланган ва айни пайтда аҳолисининг саводхонлиги бўйича ҳам дунёда юқори кўрсаткичга эга.

Президентимизнинг жорий йил 21 июндаги “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг халқаро тажриба асосида умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларини касбий ривожлантириш, ўқувчиларнинг аниқ ва табиий фанлар бўйича билимларини оширишга қаратилган чора-тадбирларига мувофиқ, юртимиздаги умумтаълим мактабларида Сингапур тажрибасидан фойдаланиляпти.

Жумладан, Самарқанддаги умумтаълим мактабларда ҳам мазкур тажриба асосида “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” ташкил этилган бўлиб, вилоятдаги умумий ўрта таълим мактаблари директорлари, аниқ фанлар ва табиий фанлар ўқитувчилари Сингапур халқаро таълим дастурлари асосида малакасини оширмоқда.

Бу ҳақда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан айни шу мавзуда ташкил этилган пресс-турда соҳа мутахассислари батафсил маълумот берди.

– Вилоятдаги 1266 та умумтаълим мактабида “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати”ни ўтказиш бўйича ўқитувчилар рўйхати шакллантирилган бўлиб, жорий йилнинг октябрь ойидан бу тизим йўлга қўйилди,  - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Озоджон Жангиров. – Жумладан, аниқ (математика ва информатика) ва табиий фанлар (физика, биология, кимё, география) йўйналишида 17 нафар мастер-тренер, 96 нафар ментор-тренер, 2526 нафар етакчи ўқитувчи ва 10 минг 223 нафар фан ўқитувчилари жалб этилди. Шунга кўра, табиий ва аниқ фанлар йўналишида 90 та  мактабда машғулотлар ўтказилмоқда.

“Касбий ривожланиш куни” ойнинг биринчи ва учинчи ҳафтасида, “Касбий ривожланиш соати” эса ойнинг иккинчи ва тўртинчи ҳафтасида ташкил этилган. Ҳар ойнинг биринчи ва учинчи ҳафтасида сингапурлик мутахассислар вилоятдаги ҳар бир мактабдан келган бир нафар етакчи ўқитувчиларга таълим жараёнидаги ўз тажрибасини ўргатади. Малака оширган етакчи ўқитувчилар олган тажрибасини ҳамкасбларига ўргатади ва буни таълим жараёнида ҳам қўллайди. Бунинг учун эса уларга ойлик маошининг 20 фоизи тўлаб берилади. Мазкур жараён тўрт босқичда амалга оширилиб, ҳозирда биринчи босқич давом этмоқда. Яъни, октябрь ойидан мартгача аниқ ва табиий фанлар ўқитувчилари учун 72 соатлик тренинг ташкил этилади.

Пресс-тур давомида вилоят педагогик маҳорат марказида Сингапур таълим тажрибасини  ўрганаётган  ўқитувчилар билан ҳам суҳбатлашдик.

- Ҳозир аниқ ва табиий фанлар йўналишида Сингапур тажрибасини ўрганяпмиз, - дейди Тойлоқ туманидаги 3-умумтаълим мактаби биология фани ўқитувчиси Дилором Ибодуллаева. – Жараёнда табиий фанларни ўқитишда Сингапурнинг “MARSHALL CAVENDISH EDUCATION” ўқув дастурига киритилган беш босқичли “5 Е” модули бизга манзур бўлди. Жумладан, модулнинг биринчи замонавий жалб қилиш босқичида ўқувчи нингмавзуга мос муаммоли видео, расм, савол ёки жадвал билан эътиборини тортиш ва диққатини дарсга қаратиш мумкин. Иккинчи тадқиқ қилиш босқичида ўқувчи янги мавзуни ўзлаштириши учун қизиқарли топшириқлар берилади ва мавзуни ўртоқлари билан тадқиқ қилади. Ўқитувчи ўқувчиларга илмий тадқиқот методлари ва мавзуга оид илмий тушунчаларни амалий топшириқ орқали ўрганишни таклиф этади. Учинчи тушунтириш босқичида ўқитувчи ўқувчилардан аввалги босқичларда нимани ўрганганлари ва кузатганларини тушунтиришни сўрайди. Ўқитувчи илмий тушунчалар мазмунини кенгроқ ёритиб бериши мумкин. Ўқувчилар илмий тушунчаларни яхшироқ ўзлаштиришлари учун дарсда нафақат вербал, балки видео, аудио материаллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. “5 Е” модулининг тўртинчи қўллаш босқичида ўқувчилар тадқиқ этиш ва тушунтириш босқичларида ўрганган билим ва кўникмаларини нотаниш вазиятларда қўллайдилар. Ушбу босқичда фанлараро интеграцияни таъминлаш мақсадга мувофиқ. Табиий фанларни математика, санъат, технология ва бошқа фанлар билан боғлиқ ҳолда ўрганиш илмий тушунчаларни яхшироқ ўзлаштиришга имкон беради ва ўқувчилар илмий тушунча ва кўникмаларни яхшироқ ўзлаштирадилар. Модулнинг сўнгги бешинчи баҳолаш босқичида ўқувчилар ўзини ўзи баҳолайди. Хато ва камчиликлар муҳокома этилиб хулоса қилинади.

Пресс-тур давомида Самарқанд шаҳридаги 14- ва Самарқанд туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактабларида “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” жараёнлари билан ҳам танишилди.

Фазлиддин Рўзибоев.