Самарқанддаги стадионлар тест синовлари ўтказишга етадими?

Президент Шавкат Мирзиёев 6 август куни жорий йилда олий таълим муассасаларига қабулни ташкил қилиш ва 2020-2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда Президент таъкидлаганидек, кейинги йилларда олий таълим тизимидаги ўзгаришлар натижасида ёшлар ва уларнинг ота-оналарида ўқишга ишонч ортди. Ҳужжат топшириш тўлиқ масофавий шаклда амалга оширилгани аҳолига катта қулайлик яратди.

Жорий йилда вилоятимиздаги олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига 12 875 та, магистратурага 1098 та ўрин ажратилган. Кўрсаткичлар ўтган йилдагига қараганда ўринлар сони кескин ошганлигини кўрсатмоқда.

Бу йил 9 та давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналиши бўйича 139 874 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, бу ўтган йилгига нисбатан 26 фоиз кўп. Битта ўринга 10,86 та талабгор тўғри келмоқда.

Магистратура йўналишида 8 та таълим муассасасига 7051 нафар ёки ўтган йилгига нисбатан уч баробардан кўп ҳужжат топширилган. Умуман, қабул квоталари 2016 йилгига нисбатан уч мартагача ортган.

Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда қабул тест синовлари қачон, қаерда ва қандай тартибда ўтказилиши жамоатчиликни ҳам ўйга толдирган. Бу, албатта, карантин чекловларининг чўзилаётганлиги билан боғлиқ бўлиб, бундай шароитда, аниқ маълумотлар йўқлиги, турли интернет нашрларида ҳар хил хабарлар берилаётганлиги ҳам абитуриентлар, ота-оналарига таъсир қилмоқда.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, 6 август куни ўтказилган йиғилиш чоғида Президент томонидан тест синовларини абитуриентлар ва назоратчилар учун эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш имконини берадиган жойда ўтказиш кераклиги айтилди.

Ҳозирги мураккаб пайтда объектларнинг тест топширувчилар учун хавфсизлиги масалаларини ўрганиш чоғида ёпиқ бинолар эпидемиологик талабга жавоб бермаслиги, шунингдек, ижтимоий масофага риоя қилинган тақдирда имтиҳонлар вақти анчага чўзилиб кетиши ҳисобга олинди.

Шуларни инобатга олиб, тест синовларини Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларидаги стадионларда ташкил этишга топшириқ берилди. Бунда имтиҳонлар кунига 2 марта (ҳаво салқин пайтда) ўтказилса, барчасини тахминан 12-14 кунда якунлаш мумкин.

Ушбу топшириқлар доирасида мутасадди вазирлик ва идораларга стадионларни тест синовларига пухта тайёрлаш, уларнинг дислокацияси бўйича абитуриентларни тўлиқ хабардор қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шу билан бирга, йиғилишда тест синовлари ўтказиш санасини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиология хизматининг эпидемиологик вазият борасидаги хулосасидан келиб чиққан ҳолда белгилаш, аҳоли саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш лозимлиги таъкидланди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов

Президентимизнинг ушбу топшириғини ўз вақтида ва сифатли бажаришга бағишланган йиғилиш ўтказиб, унда Э.Турдимов вилоятда бешта стадион, жумладан, Самарқанд шаҳрида “Динамо”, “Локомотив” стадионлари, спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактабининг "Ёшлик" ўйингоҳи, чим устида хоккей мини стадиони ва Cартепо спорт мажмуасининг футбол стадионлари ўрганилганлиги, бу кўрсаткичлар Самарқандда тест топширишни белгиланган муддатда тамомлашга етарли эмаслигини таъкидлади. Шунинг учун топшириқларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш бўйича соҳа мутахассислари зиммасига қўшимча стадионларни ўрганиш вазифасини юклади.

Эслатиш жоизки, тест синовлари ўтказиш саналари маълум бўлгандан кейин абитуриентларга онлайн рўйхатдан ўтишда фойдаланган телефон рақамига СМС шаклида маълумот юборилади.

В.Сирлибоев,

Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи.