Самарқандга келган сайёҳлар нега театрга бормайди?

Вилоятга ҳар йили 2,5-3 миллиондан зиёд хорижий сайёҳ ташриф буюради. Бу кўрсаткич вилоятнинг бой тарихий мероси, меъморий ёдгорликлари ва жаҳон цивилизациясида муҳим ўрин тутишини кўрсатади. Аммо  кузатувларимизга кўра, сайёҳларнинг атиги 20 фоизи театр, музей ёки концерт томошаларига боради. Қолган қисми эса асосан тарихий обидаларни томоша қилиш билан чекланмоқда.

Аслида Самарқандга келаётган хорижий сайёҳлар маданиятни фақат меъморчилик орқали эмас, балки саҳна, мусиқа, миллий урф-одат ва анъаналаримиз орқали ҳам ҳис қилиши керак эмасми? Ваҳоланки, маданий туризм хорижий сайёҳларни ҳудудимизда кўпроқ олиб қолиш, уларнинг сарф-харажатини ошириш ва маҳаллий ижодкорлар учун янги нарсалар яратишга хизмат қилади.

— Хорижлик сайёҳларни жалб қилиш билан шуғулланувчи туроператорлар олдиндан бир йиллик режа ишлаб чиқиб, фаолиятини шу асосда ташкил этади, — дейди вилоят туризм бошқармаси масъул ходими Дилшод Саъдуллаев. — Албатта, бу режаларга маданий дастурлар ҳам киритилади, аммо улар саноқли. Сабаби, вилоятда сайёҳларга мўлжалланмаган маданий дастурлар кам. Тўғри, Самарқандда иқтидорли актиёрлар, хонандалар, рақс гуруҳлари, созандалар бор, лекин уларнинг аксарияти сайёҳлар учун қизиқ форматда ишламайди. Масалан, Хива шаҳрида сайёҳларнинг аксарияти миллий санъатимиз, фольклор дастурлари ҳамда театрлаштирилган чиқишларга фаол жалб қилинади. Бу эса мазкур шаҳарда маданий тадбирлар туристик пакетнинг ажралмас қисмига айланганини кўрсатади ва биз ҳам ушбу тажрибани соҳага жорий этишимиз керак.

Вилоятимиздаги йирик сайёҳлик компанияси – “Shahrezada Sam Star Tour Discover” раҳбари Толиб Жаҳонгиров ҳам бу борада ўз фикрларини билдирди.

— Йилига ўн мингдан ортиқ хорижлик сайёҳга хизмат кўрсатамиз, — дейди Толиб Жаҳонгиров. — Асосан АҚШ, Канада, Хитой, Япония, Корея ҳамда Европа ва Осиёнинг ўнга яқин мамлакатларидан сайёҳларни жалб қиламиз. Улар Самарқандга фақат диққатга сазовор тарихий обидаларни томоша қилиш учунгина эмас, балки баҳаво масканларда саёҳат қилиш, маданий ҳордиқ чиқариш мақсадида ташриф буюради. Бу йўналишда мутахассисларимиз билан Хитойда бўлиб, ҳамкасбларимизнинг илғор тажрибасини ўргандик. Жумладан, у ерда маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун кунига уч марта концерт дастурлари ва театр томошалари намойиш этилади. Ҳар бир сеансга тўрт минг нафаргача томошабин жалб этилади ва бу маданий тадбирлар сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади. Ана шу тажриба асосида биз ҳам туризм ва маданият соҳаларини интеграция қилишга киришдик. Ҳозирда вилоят маданият бошқармаси билан ҳамкорликда сайёҳларни миллий санъатимиз ва қадриятларимиз билан яқиндан таништириш мақсадида Самарқанд шаҳридаги 750 ўринли концерт залини таъмирлаяпмиз. Шунингдек, саҳна кўринишларини сайёҳлар учун янада жозибадор руҳда жонлантириш устида иш олиб боряпмиз.

Мутахассислар фикрига кўра, маданият ва туризм соҳаларини самарали интеграция қилиш учун, аввало, аниқ йўналишга эга, сайёҳлар талабига мос маданий туризм дастурларини ишлаб чиқиш зарур. Шу нуқтаи назардан қаралганда, вилоятда сайёҳларга манзур бўладиган маданий дастурлар борми, агар мавжуд бўлса, нима сабабдан шу кунга қадар маданият муассасалари ва туроператорлар ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилмаган, деган савол туғилади.

— Театрлар, фольклор жамоалари чиқишлари ҳамда миллий санъатимиз намуналарини туристик маршрутга киритиш, уларни сайёҳлар учун мос форматда намойиш этиш маданий меросимиз тарғиботини кучайтириш, иқтисодий самарадорликни ошириш ва ҳудуд имижини мустаҳкамлашга хизмат қилади, — дейди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ботир Шайматов. — Афсуски, бу борада бизда қатор муаммолар бор. Жумладан, маҳоратли актёрлар етишмайди, савияси юқори ва сифатли миллий асарлар кам, моддий-техник база талаб даражасида эмас. Реклама ва тарғибот ишлари ҳам ҳаминқадар. Бошқача айтганда, маданий дастурларимизда сифат ва кафолат йўқ. Бу эса туроператорларнинг маданият муассасалари билан мунтазам ҳамкорлик қилмаслигига сабаб бўлмоқда. Чунки маданий дастурлар сайёҳларда ижобий таассурот қолдирмаса, бу туристик компания фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Дарвоқе, бизда нафақат хорижлик сайёҳлар, балки маҳаллий аҳоли ҳам маданият муассасаларига кам боради. Масалан, театрга кириш учун кимгадир билет етмай қолгани ёки томошалар доим одамлар билан гавжум бўлганини эшитмадим. Вилоятимизга келаётган сайёҳлар эса ана шу жиҳатларга эътибор қаратиб, маданий дастурлар билан танишишга, театр, музей ва кўргазма залларига боришга қизиқиш билдиради. Шундай экан, аввало, маданият муассасалари фаолиятини тизимли равишда ривожлантириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда реклама ва тарғибот ишларини янги босқичга олиб чиқиш зарур.

Энг муҳими, маданият муассасалари ва туроператорлар ўртасида ўзаро ишонч ва кафолатга асосланган барқарор ҳамкорлик тизимини йўлга қўйиш талаб этилади. Бундай ёндашув нафақат хорижий сайёҳлар учун жозибадор муҳит яратади, балки маҳаллий аҳолининг маданий ҳаётдаги фаоллигини оширишга, ёшларни санъат ва ижодга жалб этишга ҳам хизмат қилади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.