Самарқандлик 9 нафар ўқувчи асосий фан олимпиадасида ғолиб бўлди
Самарқанд шаҳрида асосий фан олимпиадасининг она тили ва адабиёт, инглиз, немис, француз тилларидан IV республика босқичи бўлиб ўтди.
Қолган фанлардан Қорақалпоғистон Республикаси ва республикамизнинг бошқа вилоятларида ўтказилди.
Олимпиада натижаларига кўра, инглиз тилидан Иштихон тумани 35-умумтаълим мактаби ўқувчиси Моҳинурхон Суюнова 1-ўринни қўлга киритди. Она тили ва адабиёт фанидан Нарпай туманидаги 31-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мухлиса Неъматуллаева 2-ўринни, немис тилидан Самарқанд шаҳар 51-ИДУМ ўқувчиси Алиакбар Акбаров ва француз тилидан Иштихон тумани 17-умумтаълим мактаби ўқувчиси Суҳроб Мусурмоновлар 3-ўринни эгаллади.
- Ўтган йили вилоятимиздан бирор ўқувчи фан олимпиадасининг республика босқичида ўрин ололмаганди, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Хуршид Ҳожиқулов. – Бу йил тўққиз нафар ўқувчи турли фанлардан ғолибликни қўлга киритиб, республикада биринчи ўринни эгалладик. Бу натижага эришиш учун, аввало, ўқувчиларни фан олимпиадаларига астойдил тайёрладик. Шунингдек, саралаш имтиҳонларини таниш-билишсиз шаффоф ўтказдик.
Асосий фан олимпиадасининг республика босқичида ғолиб бўлган ўқувчилар пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, уларга олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонида ўша фандан максимал балл берилади. Ғолиб бўлган ўқувчиларнинг ўқитувчиларига бир йил мобайнида 100 фоизлик устама пули тўланади. Мактаб директорлари ҳам тегишли равишда рағбатлантирилади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.