Самарқандлик ўқувчилар яратган платформа Европада 50 минг еврога баҳоланмоқда
“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси аcосида самарқандлик мактаб ўқувчилари инглиз тилини ўрганиш платформасини яратди. Бугунги кунда ушбу платформа Европанинг нуфузли таълим муассасаларида ишлатилмоқда.
Платформа асосчилари Самарқанд шаҳридаги мактабларда таҳсил олаётган 10-синф ўқувчилари бўлиб, IТ соҳасидаги билимларини “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси ҳамда информатика фани бўйича қўшимча дарслар орқали мустаҳкамлаган ва тенгдошлари, тил ўрганишга иштиёқманд кишилар учун қарийб икки ойда бу лойиҳани ишлаб чиқишган.
- Платформа сунъий интеллект ёрдамида ўқувчиларнинг тил билиш даражасини юқори даражада аниқлаб беради, - дейди платформа асосчиларидан бири Саидафзал Шукуров. – Шунингдек, тил билишда қайси жабҳада ўз устида ишлаш кераклигини, имтиҳон шароитини, кучли ва кучсиз томонларини кўрсатади. Изланишларимизни яна давом эттириб, платформа имкониятларини кенгайтирамиз ва ушбу платформани мамлакатимизда ҳам ишга туширишни режалаштиряпмиз.
Тизим ҳозирги кунда ўнга яқин мамлакатда синовдан ўтди. Бош қароргоҳи Грецияда бўлган, 20 дан ортиқ давлатда филиалларига эга Ғарбий Европанинг энг нуфузли таълим муассасаларидан бири “Maria Daviati” номидаги халқаро мактаб томонидан юқори баҳоланиб, амалиётга жорий қилинган.
- Олдин ахборот технологияларига оид материал керак бўлса, Европа мамлакатларидан сўрардик ёки платформа сотиб олардик, - дейди халқаро эксперт Муҳаммадхон Солиев. – Кейинги пайтда мамлакатимизда хориж тиллари ва ахборот технологияларини ўрганиш учун яратилаётган имкониятлар, таълим дастурларида халқаро стандартларга жавоб берадиган информатика дарсликларининг яратилиши натижасида ўқувчиларимиз жаҳон даражасидаги ютуқларга эришмоқда. Жумладан, яратилган ушбу тил ўрганиш платформаси ўзининг кенгайтирилган диалекти билан ажралиб туради ва Европа мамлакатларида 50 минг евро қийматида баҳоланмоқда.
Фазлиддин Рўзибоев.