Самарқанднинг туризм салоҳияти Буюк Британияда тарғиб қилинади

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида Буюк Британиянинг Жанубий Лондон Савдо палатаси ижрочи директори Геррй Макдонах бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашувда айтилди.

Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ш.Юлдошев вилоятимизда тадбиркорларга яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди. Учрашувда Буюк Британиянинг Савдо палатаси тажрибалари, тадбиркорлар билан ишлаш механизмлари хусусида фикр алмашилди. Шунингдек, мактабгача таълим тизими, меҳмонхона хизматларини такомиллаштириш, туризмни ривожлантириш учун соҳа ходимларини Буюк Британияга малака оширишга юбориш масалалари муҳокама қилинди.

– Аксарият лондонликлар юртингиз ҳақида умумий тасаввурга эга, аммо иқтисодий салоҳияти, туризм имкониятлари борасида маълумотга айтарли эга эмас, – дейди Буюк Британиянинг Жанубий Лондон Савдо палатаси ижрочи директори Геррй Макдонах. – Ташрифимиздан асосий мақсад ҳам Самарқанднинг туризм салоҳиятини Буюк Британияга таништириш. Қолаверса, савдо соҳасида кенг ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш.

Учрашув давомида мазкур йўналишда ҳамкорлик меморандуми имзоланишига келишиб олинди. Меҳмонлар Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.

Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.