СамДЧТИ ректори: «Хорижлик талабалар сони сезиларли даражада ошиши кутилмоқда»
Бу алоқалар самарасида 2008 йилдан буён институтимизга хорижий фуқароларни ҳам талабаликка қабул қилиб келяпмиз. Ҳозирда тўрт нафар хорижлик талаба таҳсил олмоқда. Шу кунларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида "Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш ҳақида"ги қарор лойиҳаси эълон қилинган. Унга кўра, хорижликларни ўқишга қабул қилиш анча соддалаштирилади. Яъни, хорижий фуқаролар олий таълим муассасалари бакалавриатига олий таълим муассасасига ажратилган квотадан ташқари суҳбат асосида, тест синовларисиз ўқишга қабул қилинади. Мазкур ҳужжатга мувофиқ мамлакатимиз олий таълим муассасаларида хорижлик талабалар сони сезиларли даражада ошиши кутилмоқда.
Айни кунларда профессор-ўқитувчиларимиз томонидан чет элдаги ҳамкор олийгоҳларда мамлакатимиз таълим тизимидаги ислоҳотлар, 2018-2019 ўқув йилига қабул жараёнлари бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда. Шу мақсадда яқинда институтимиз профессори Ш.Сафаров Москва давлат лингвистика ҳамда А.С.Пушкин номидаги рус тили университетларига сафарга юборилди.
Бундан ташқари, веб-сайтимизда хорижликлар учун бакалавриат, магистратура мутахассислигида таълим олиш шартлари ҳамда қизиқувчилар учун "Ўзбек тили ва адабиёти тил курслари" тўғрисида батафсил маълумотлар бериб борилмоқда.
Жорий йилнинг июль-август ойларида кореялик талабаларга, сентябрь-октябрда германиялик талабалар учун "Ўзбек тили ва адабиёти, қадимий ва навқирон Самарқанд" номли тил курси, хорижий фуқаролар учун қисқа ва узоқ муддатли ўқув курслари ташкил этиш ниятидамиз.
Хорижлик фуқароларни ўқишга қабул қилиш мамлакатга валюта тушумларини кўпайтириш баробарида, таълим муассасасининг халқаро миқёсдаги рейтинги, нуфузини оширишга хизмат қилади.
Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,
Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори.