СамДЧТИда журналистика факультети очиладими?
Самарқанд давлат чет тиллар институтида 2019 йилда инглиз тили-II факультети очилди. Кафедралар сони ҳам 16 тадан 20 тага кўпайди. Талабалар 3166 нафардан 4965 нафарга, магистрантлар 179 нафардан 260 нафарга оширилди. Бевосита дарс жараёнига 32 нафар хорижлик ўқитувчилар жалб этилди. Иқтисодиёт тармоқларининг талаблари асосида 2 та янги таълим йўналишлари ва 1 та янги магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Шунингдек, ҳамкорлик борасида 2018 йилда 50 га яқин хорижнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари давом эттирилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 70 тадан ошди. Мазкур йилда институт қошидаги академик лицейда ҳам хорижлик мутахассислар фаолият олиб борди. Хитой, араб, индонез тилларини ўқитиш йўналишлари очилди.
2019 йилда 18 нафар изланувчи, шулардан, 16 нафар фалсафа фанлари доктори (PhD) ва 2 нафари фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилди. 2 нафар талаба С.Ибрагимова Ислом Каримов номидаги, М.Абсамадова Навоий номидаги Давлат стипендияси соҳиблари бўлди. 4 нафар иқтидорли талаба халқаро миқёсдаги фан олимпиадаси ғолиблигига сазовор бўлди. 24 нафар профессор-ўқитувчи хорижнинг нуфузли олийгоҳларида тажриба ошириб қайтди.
2020 йилда Жанубий Кореянинг Сукмён ва Чосон университетлари билан қўшма таълим дастурлари асосида 2 та, Латвиянинг Рига техника университети билан 1 та, шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг Шанхай хорижий тиллар университети билан 1 та, жами 4 та таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Бевосита дарс жараёнига 41 нафар хорижлик ўқитувчилар жалб этилади. Талабаларда амалий кўникмаларни шакллантириш мақсадида синов-тажриба сифатида хорижий тил ва адабиёт таълим йўналиши кредит-модуль тизимига ўтказилади. Инвестиция дастури доирасида 200 ўринли 1 та талабалар турар-жойи биносида реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади. Ахборот коммуникация воситалари билан жиҳозлаш учун 958,3 миллион сўмлик маблағ ажратилади.
2020 йилда журналистика факультетини очиш, иқтисодиёт тармоқларининг талаблари асосида 2 та янги таълим йўналишлари ва 1 та янги магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Асилбек АБДУРАИМОВ.