СамДТУ доценти, I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Яхшинор Аллаёров тиббиёт институти университетга айлангач, қандай ўзгаришлар бўлишини маълум қилди
Жорий йилнинг 1 апрель куни Президент қарорига кўра Самарқанд давлат тиббиёт институти университетга айлантирилди.
Мазкур қарор билан Самарқанд тумани, Ўрташиқ қишлоғида жойлашган вилоят саломатликни тиклаш шифохонаси негизида Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. Шунингдек, институтнинг биринчи ва иккинчи клиникалари негизида университетнинг кўп тармоқли клиникаси ва ихтисослашган болалар хирургик клиникалари фаолияти йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Л.Исаев номидаги филиали ва унинг клиникаси негизида университет ҳузуридаги илмий-тадқиқот институти ва унинг клиникаси, нейрохирургия ва нейрореабилитацияга ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази ҳамда иммунология, аллергология ва инсон геномикаси илмий маркази яратилади.
Ушбу ислоҳотларнинг ортидан вилоятимизга чегарадош бўлган ҳудудлар аҳолисига ҳам тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятлари кенгаяди.