СамДУ талабалари учун қандай шароит яратилган? Улар “Улуғбек расадхонаси”да таълим оляптими?

Самарқанд давлат университетида журналист ва блогерлар учун талабаларга яратилган шарт-шароитлар билан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб иштирокчилар университет қошидаги Биокимё институти ўқув бинолари, музей ва лабораторияларида бўлди. Институт бинолари янги қурилган бўлиб, аудиториялари кенг ва ёруғ, ҳар бирида катта ҳажмдаги электрон доскалар ўрнатилган.
Тиббий кимё, синтез лабораториялари Хитойдан келтирилган замонавий, сўнгги русумдаги асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Ёш олимлар, тадқиқотчилар ва талабалар бу ерда турли тажрибалар устида ишлайди. Лаборатория ускуналари тўлиқ автоматлаштирилган.
- Бу олий таълим муассасаси 2023 йилда Самарқанд давлат университети тасарруфида кимё ва биология факультетларининг қўшилиши натижасида очилди, - дейди институт директори, биология фанлари доктори Сирожиддин Ўроқов. - Институтда аввало, кимё ва биология йўналишлари бор эди, кейинроқ биотехнология, кимёвий технология, ўтган йили фундаментал тиббиёт йўналиши очилди. Шу йил бакалаврлар учун фармация йўналишини, магистрлар учун кимёвий технология, биофизика ва биокимё йўналишларини очдик. Бундан ташқари, таянч докторантурамиз бор. Маҳаллий профессор-ўқитувчилардан ташқари талабаларга 35 нафар хорижий профессор-ўқитувчилар ҳам дарс бермоқда.
Тадбир давомида институт иссиқхонаси ҳам кўздан кечирилди. 1970 йилда ташкил этилган иссиқхонада 250 дан ортиқ манзарали, доривор ва заҳарли ўсимликлар мавжуд. Бу ерда япон ўригидан тортиб, Саудия Арабистони хурмосигача бор. Иссиқхонада ўсимликларни қишин-ёзин бир хил ҳароратда сақлаб туриш учун шароит яратилган. Унинг эшиги нафақат амалиётчи талабалар ва тадқиқотчилар, балки табиатни севувчи ёшлар учун доимо очиқ.
Бундан ташқари, институтнинг зоология музейи бўлиб, унда ҳашоратлардан тортиб, қушлар, судралиб юрувчи ва йиртқич ҳайвонларгача бор. Бу ерда ҳатто фил суяги макети ҳам мавжуд.
Пресс-турнинг кейинги манзили университетнинг янги ўқув йилида қуриб, фойдаланишга топширилган минг ўринли ўқув биноси бўлди.
- Биномиз Улуғбек расадхонасига ўхшаш қилиб қурилган, - дейди талабалардан бири. - Энг сўнгги замонавий компьютерлар, катта экранли электрон доскалар, хуллас, барча зарур шароитлар бор. Тарих билан замонавийлик уйғунлигидаги расадхонада ўқиётгандек ҳис қиляпмиз.
Журналистлар таълимга берилаётган эътиборни университетда талабалар таълим олиши учун яратилган шарт-шароитларда кўрди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.