СамДУнинг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ўқитувчилари бошқалардан 50 фоиз кўп маош олади

Коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга жиддий эътибор қаратилган ушбу синовли кунларда давлатимиз раҳбари яна бир истиқболли қарорни имзолади. Қарорга кўра, Сурхондарё вилоятининг чекка туманида Самарқанд давлат университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ташкил этиладиган бўлди.

Самарқанд давлат университети ахборо хизмати университет ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов билан мазкур қарор юзасидан суҳбат уюштирди.

-  Президентимизнинг мазкур қароридан кўпчилик, айниқса, сурхондарёлик ёшлар беҳад мамнун бўлди. Айнан чекка ҳудудда мазкур таълим муассасасининг ташкил этилиши қандай муаммоларнинг ечимига қаратилган?

– 17 апрель куни имзоланган “Сурхондарё вилоятида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш ва янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳақиқатан ҳам сурхондарёлик ёшлар ва бизнинг университетимиз ҳаётида тарихий аҳамиятга эга бўлди. Университетимиз негизида Денов тадбиркорлик ва педагогика институтининг ташкил этилиши кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан юртимиз таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг маҳсулидир. Қарорда мазкур институтни ташкил этишдан кўзланган мақсад ва режалар, қандай муаммоларга ечим топиш ҳамда олдимиздаги вазифалар белгилаб берилди. Бу ҳақда батафсил тўхталмасак ҳам бўлади. Лекин бир жиҳатни алоҳида таъкидлашни истардим, бу қарор Сурхондарё вилоятининг ҳозирги ва истиқболдаги демографик, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлида ўйлаб қилинган ишдир. Денов тадбиркорлик ва педагогика институтининг ташкил этилиши бугуннинг долзарб вазифаси, эҳтиёжи эди. Институтнинг номланишиданоқ англаш мумкинки, тадбиркорлик шубҳасиз тараққиётга хизмат қилади.

– Янги институт фаолиятини йўлга қўйишда асосий эътибор қайси жиҳатларга қаратилади ва бу борада университет зиммасига қандай вазифалар юклатилган?

– Самарқанд давлат университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти учун, аввало, ҳукумат даражасида замонавий ўқув бинолари, ётоқхона, кутубхона, спорт иншоотлари барпо этилади. Мустаҳкам ўқув моддий-техника базаси яратилади. Бу борада тегишли вазирлик ва ҳокимликларнинг кўмагига таянамиз. Алоҳида урғу бериб айтаман, мамлакатимизнинг жанубида ташкил этилажак институтни юқори илмий педагогик салоҳиятга эга кадрлар билан таъминлаш кун тартибидаги асосий вазифамиз бўлади.

Тўғри, дастлаб шарт-шароитлар етарли даражада бўлмаслиги, моддий техник таъминотни кўнгилдагидек ташкил этолмаслигимиз мумкин. Аммо, тажрибали ва билимли илмий педагогик кадрлар ҳаммасининг ўрнини босиши мумкин. Бу борада университетда махсус ишчи гуруҳи танлов ишларини бошлаб юборган. Асосий эътибор, аввало, университетимиздаги асли сурхондарёлик бўлган профессор-ўқитувчилар, докторант ва магистрларга қаратилмоқда. Ихтиёрий равишда Деновга бориб ишлаш истагини билдирувчи олимларимиз, ёш, истеъдодли ўқитувчиларимизнинг ҳам хоҳишлари инобатга олинади. Шунингдек, институтда фаолият кўрсатувчиларнинг маошини одатдагидан 50 фоиз юқори белгилаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, мамлакамиздаги қатор нуфузли олий ўқув даргоҳларининг тажрибали профессор-ўқитувчилари кўмагига таянамиз. Университетда тан олинган, самарали илмий мактаблар негизида 48 мутахассисликда докторантура (PHD) ва 9 мутахассисликда тўлиқ фан докторлари тайёрлаш имконияти бор. Мақсадли қабул имкониятларидан фойдаланиб, нисбатан қисқа муддатда Денов институтини илмий-педагогик кадрлар билан таъминлашни йўлга қўямиз. Бундан ташқари, ҳудуд хусусияти  талабларидан келиб чиққан ҳолда хориждаги ҳамкор университетлар илмий марказлари имкониятлари ҳам Деновга илмий-педагогик кадрлар тайёрлашга қаратилади.

- Кўпчиликни институтда қайси йўналишларда кадрлар тайёрланиши, битирувчиларнинг иш билан таъминланиши ҳам қизиқтиради. Шу ҳақда ҳам маълумот берсангиз.

-  Аввало, ҳамкорлик асосида Сурхондарё ва унга қўшни бўлган вилоят ва туманлардаги ишлаб чиқариш корхоналари, маърифат даргоҳларидаги кадрларга бўлган эҳтиёж ва талабдан келиб чиқиб, ёш йигит-қизлар танлов асосида ўқишга қабул қилинади. Қабул режасининг минтақа эҳтиёжига мувофиқ шаклланишини инобатга олсак, диплом соҳибларининг иш билан таъминланишида муаммо бўлмайди. Мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари, техникум ва бошқа таълим-тарбия муассасалари учун педагог кадрлар тайёрлаш, рақамли иқтисодиёт, экология, филология, психология, қатор аниқ ва ижтимоий фанлар ихтисосликлари, ижтимоий меҳнат, спорт йўналишларида педагог кадрлар тайёрлаш, малака ошириш йўлга қўйилади.

– Янги институт қачон ёшлар учун ўз эшикларини очади?

– Қарорда белгиланганидек, институтнинг таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади. Шунингдек, айни пайтда Термиз давлат университети Денов филиали талабалари таҳсил олаётган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича институтда ўқишни давом эттиради. Янги ўқув йилидаги қабул ва ўқиш жараёнлари олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ҳамда айни пайтда барчамизни ўйлантираётган масала – коронавирус пандемияси карантин чекловлари бартараф этилиши билан маълум бўлади.

Дилмурод Дўстмуродов суҳбатлашди.