Санитария-гигиена шохобчалари мавжуд бўлмаган АГТКС, АГҚС ва АЁҚСларнинг ишлашига йўл қўйилмайди

Йўлбўйи ва туристик инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори (793-сон, 21.09.2019 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали маълум қилди.

Қарорга кўра, 2020 йил 1 мартдан бошлаб жамоат мақсадларига мўлжалланган, кечаю-кундуз ишлайдиган санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари, газ ва ёқилғи қуйиш станциялари (АГТКС, АГҚС, АЁҚС)нинг ишлашига йўл қўйилмайди.

Ушбу мақсадда республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этилади.

Ҳудудий ишчи гуруҳларнинг санитария-гигиена шохобчаларини жиҳозлашга оид қарор ва талабларини бажармаслик АГТКС ва АЁҚСларга:

- тегишлича газ ва нефть маҳсулотлари етказиб беришни вақтинча тўхтатиш;

- улар лицензиясининг амал қилишини тўхтатиш ҳақида чора кўриш учун асос бўлади.

2019 йил 20 ноябргача бўлган муддатда АГТКС, АГҚС, АЁҚСларга зарурат бўлганда санитария-гигиена шохобчаларини қуриш учун қўшимча ер участкалари ажратилади.