Сайлов қанчалик шаффоф, адолатли ўтса халқимиз ишончини оқлайдиган номзодлар депутат бўлади
Жорий йил декабрь ойида парламент қуйи палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади. Бу галги сайловлар олдингилардан фарқли равишда янги Сайлов кодексига асосан ташкил қилинади. Шу жиҳатнинг ўзиёқ сиёсий партиялар олдига муҳим вазифаларни қўйиши шубҳасиз.
Қолаверса, маҳаллий Кенгашлар раиси лавозими ҳокимлар зиммасидан соқит қилиниб, Кенгашлар фаолиятини янгича асосда йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ўз навбатида навбатдаги сайловларда сиёсий партияларга қўшимча масъулият юклаши шубҳасиз.
Хўш, вилоятдаги сиёсий партиялар бу жараёнга нечоғлик тайёр? «Зарафшон» газетаси мухбири шу ва бошқа саволлар билан сиёсий партияларнинг вилоят Кенгаши раҳбарларига мурожаат қилди.
Қуйида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг вилоят Кенгаши девони раҳбари Азим Солиевнинг жавобларини ўқишингиз мумкин:
- Бугун чинакамига изланиб, янгиликларни фаолиятига жорий этиб борган сиёсий кучгина эл назаридан қолмайди, дастурий мақсадларини қўллаб-қувватловчилар сони кун сайин ортиб бораверади. Сиз раҳбарлик қилаётган партияда бу борада аҳвол қандай?
- Бунинг учун партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан партиямиз Марказий Кенгаши ташаббуси билан бебаҳо бойлигимиз бўлган маданий мерос объектларини сақлаш, уларни келажак авлодга асл ҳолича етказиш мақсадида республикамиздаги барча маданий мерос объектлари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилиб, бугунги ҳолати ўрганиб чиқилди. Кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган, муҳофаза белгилари ўрнатилмаган, реконструкция ёки консервация ишлари олиб борилиши лозим бўлган объектлар тўлиқ аниқлаштирилди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан депутатлик гуруҳлари томонидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари сессияларида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Худди шу каби ўрганишлар юртимиздаги “Баркамол авлод” болалар марказлари, ахборот-ресурс марказлари фаолияти мисолида ҳам ўтказилиб, аниқланган муаммолар ечими бўйича тегишли вазирлик ва ҳокимликларга таклифлар киритилиб, зарур тавсиялар берилди.
- Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган бугунги сиёсатда халқ билан яқин мулоқотда бўлиш, одамларнинг дарду ташвиши билан яшаш, муаммоларига ечим излаш устувор аҳамият касб этяпти.
Ўз-ўзидан аёнки, мазкур масалага айниқса, сиёсий партиялар жуда катта эътибор қаратиши лозим. Зотан, одамлар билан ишлаш механизмини самарали йўлга қўя олган партиягина жамиятда ўз ўрнига эга бўлади, таъсир кучи ошади. Шундай эмасми?
- Партиямиз халққа янада яқин бўлиш, уларнинг дарду ташвишларини ўрганиш, муаммоларга ечим топиш борасида бир қатор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиб келаяпти. Мисол учун, “Депутат билан юзма-юз”, “Уйма-уй”, “Хизмат-беминнат” лойиҳалари орқали депутатларимиз, фаоллар ўз сайловчилари, оддий фуқаролар билан учрашиб, улар билан яқиндан мулоқотга киришаяпти, муаммоларини ўрганмоқда. Ўрганилган масалалар ечими бўйича маҳаллий ҳокимликка, тегишлилиги бўйича корхона, ташкилот ва муассасаларга депутатлик сўровлари юборилиб, муаммолар ижобий ҳал этилмоқда, камчиликлар бартараф этиляпти.
- Албатта, сайлов кампанияси бошланишига ҳали вақт бор. Аммо партиялар уни анча аввал бошлагани аниқ...
- Партиямиз ҳам жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда ғалаба қозонишга учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун кейинги 5 йил мобайнида халқимизга янада яқин бўлишга, депутатларимиз сайловчилар ишончини қозонишга ҳаракат қилди. Мисол учун, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари аҳоли билан кўпроқ сайёр қабуллар ўтказиб уларнинг дардини тинглади, имкон қадар муаммоларини ечишга ҳаракат қилдилар. Бу эса аҳолининг партияга, депутатларимизга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади, деб ўйлайман.
- Аксарият ҳолларда сайловдан сўнг партия ва депутат ўртасидаги алоқа узилади. Бунинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?
- Умуман олганда, бундай ҳолат бизнинг партиямиздан сайланган депутатлар орасида ҳам онда-сонда бўлса-да кузатилмоқда. Буни депутатнинг масъулиятсизлиги билан изоҳлаш мумкин. Чунки депутатнинг ишига қараб нафақат унга, балки унинг номзодини илгари сурган партияга ҳам баҳо берилади.
Депутатнинг партия билан мустаҳкам алоқа ўрнатмаётганига эҳтимол қонунчилигимиздаги айрим бўшлиқлар ҳам сабаб бўлаётгандир. Масалан, амалдаги тартибга кўра, сиёсий партиялар аъзоси бўлмаган фуқарони ҳам депутатликка номзод қилиб кўрсатиши мумкин. Партия билан яқин алоқада бўлмаган, унинг мақсад ва вазифаларини яхши билмаган, сайловолди платформасидан бехабар одам қандай қилиб сайловдан сўнг партия билан бирдан яқин бўлиши, ҳамкорликда иш олиб бориши мумкин?
- Партиянинг вилоят ёки туман кенгаши фаолиятсиз ёки партия билан алоқани узган депутатларга қандай чоралар кўрди? Депутатликдан чақириб олиш билан боғлиқ чора нима учун қоғозда бору амалда қўлланилмайди?
- 2014 йилда бўлиб ўтган сайловда партиямиздан маҳаллий кенгашларига сайланган депутатлар сони 103 нафарни ташкил этганди. Бу албатта яхши натижа, яхши кўрсаткич. Лекин бугунга келиб уларнинг сони 93 нафар қолди. Ўтган давр мобайнида 2 нафар депутатимиз вафот этганлиги, 8 нафар депутатимиз партия билан яқин алоқада бўлмагани, масъулиятсизликка йўл қўйгани ва сайловчилари ишончини оқлай олмагани боис қонунчилигимизга мувофиқ муддатидан олдин тегишли тартибда депутатликдан чақириб олинди.
- Олдинда турган сайловлардан кейин ҳам шундай бўлмаслиги учун нималарга эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблайсиз? Ва бу борада Сиз раҳбарлик қилаётган сиёсий партия томонидан нима ишлар қилинмоқда?
- Бунинг учун депутатликка номзодларни партиямиз ғоя ва мақсадларини яхши тушунган, бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватловчи ҳайрихоҳларимиз орасидан кўрсатиш учун кенгашиб олганмиз.
Албатта, сайлов жараёнлари қанчалик шаффоф, адолатли ўтса халқимиз ишончини оқлайдиган номзодлар депутат бўлиши табиий. Бунинг учун сайлов округлари ва участкаларига видеокузатув ускуналарини ўрнатиб, жараённи онлайн кузатиб бориш йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан ташқари, сайлов округлари ва участкалари кириш йўлакларига турникет ўрнатилиб, сайловчиларнинг кириб-чиқишлари автоматик рўйхатга олиниши керак.
Сайлов округлари ва участкаларида сайловни ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар раислари мансабдор шахслардан эмас, сиёсий билим ва тушунчага эга, сайловнинг моҳиятини тўғри англайдиган меҳнат фахрийлари, педагог ходимлар, эл орасида катта ҳурмат ва эътиборга эга одамлардан танланса, менимча сайловлар ҳаққоний ўтиб, партия ва халқ юксак ишонч билдирган номзодлар депутатлик мақомига эришади. Шунда партия ва депутат якдил иш олиб бориб, сайловчиларнинг ишончини амалда тўлақонли оқлайди. Ўртада тушунмовчиликлар юзага келмайди.
Ё.Гадоев суҳбатлашди.