Шакар нархи ошади(ми)? Монополияга қарши курашиш қўмитаси изоҳ берди

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси шакар маҳсулоти давлат назоратидан чиқарилгани, энди шакар муҳим халқ истеъмоли товарлари рўйхатидан ўчирилгани, бу эса энди шакар баҳосини бозорнинг ўзи белгилашини англатиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Қўмитага кўра, шакар нархининг ошишига бозор иқтисодиёти шароити ва шакар маҳсулотининг савдосига тааллуқли бўлган қонунчиликларга киритилган охирги ўзгартиришлар албатта, ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.

"Республикамиздаги мавжуд иккита ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан шакар маҳсулоти асосан дилерлар орқали тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилган. Маҳсулотнинг атиги 10 фоизи биржа орқали етказиб берилар эди. Бундан ташқари, 2014 йилгача шакарни импорт қилишда битта корхонага преференция берилган эди. Яъни, корхона барча турдаги божхона тўловларидан озод қилинган. Шунинг учун шакарнинг импорти билан фақат ушбу корхона шуғулланган.

2018 йилгача шакарнинг нархи давлат томонидан белгиланарди. Лекин шакар фақат корхоналарнинг сони чекланган дилерлари орқали сотилишини инобатга олиб, истеъмолчиларга ушбу маҳсулот тегишли устамалар қўлланган ҳолда эркин нархларда сотиларди. Шуни таъкидлаш жоизки, шакар ишлаб чиқарувчиларнинг дилерлари ҳисобланмаган улгуржи истеъмолчиларга маҳсулот давлат томонидан белгиланган нархларда сотилмас эди".

Шакар бозорида шаклланган ушбу ҳолатнинг салбий томонлари кўп эди. Масалан, шакарни давлат нархида харид қилишга “эксклюзив ҳуқуқи мавжуд бўлган дилерлар” томонидан хоҳлаган нархда истеъмолчиларга қайта сотиш имкониятининг мавжудлиги шулар жумласидандир.

Бу имкониятдан асосан мавсум пайтида (шакар маҳсулотига талаб юқори бўлган даврда) фойдаланиш ҳолатлари учраб турган. Яъни, дилерлар томонидан шакарнинг сунъий равишда танқислиги юзага келтирилиб, якуний истеъмолчиларга эркин сотиб олиш имконияти чекланган ҳолда шакарнинг нархи ошириб сотиб келинган. Масалан, шу каби ҳолат 2014 йил мавсуми даврида (апрель-июль ойларида) кузатилган, яъни давлат томонидан белгиланган нарх 2300 сўм бўлган бир пайтда, нарх савдо дўконларида 6000 сўмгача (2,6 баравар) кўтарилиб кетган.

2017 йилда “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” АЖлар фаолияти тўхтатилди.

Шу билан бирга, 2017 йил сентябрь ойидан бошлаб шакар ва шакар хом ашёсини импортдан олиб киришда тадбиркорлар барча божхона тўловларидан озод этилди. 2018 йилдан бошлаб давлат томонидан шакарга нархларни белгилаш талаби бекор қилинди. Бу ўз навбатида, бозор шакар маҳсулотига тўйинишига ва кучли рақобат шароитида шакарнинг нархи барқарорлашишига олиб келди.

2019 йилда “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” АЖлар фаолияти тикланди. Бунда тайёр шакар ва шакар хом ашёсининг импорти барча божхона тўловларидан озод этилганлигини инобатга олиб, ишлаб чиқарувчи корхоналар ва импортёрлар ўртасида соғлом рақобат вужудга келиб, нархлар бир маромда шаклланди (4900-5200 сўм).

2020 йил 1 январдан бошлаб, тайёр шакар маҳсулоти импортига божхона тўловлари (акциз солиғи 20 фоиз ва божхона божи 20 фоиз) жорий қилинди. Таъкидлаш жоиз бўлган томони, бу киритилган талаблар шакар хом ашёсига нисбатан татбиқ этилмади. Яъни, “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” АЖлар шакар хом ашёсини импорт қилишда ушбу тўловларни тўламайди.

Бу ҳолатда “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” АЖларга берилган преференция ҳисобига бошқа корхоналар импортдан келтирилган шакарнинг нархи жиҳатидан ишлаб чиқарувчилар билан рақобатлаша олмаслиги аниқ.

Ўз навбатида, ишлаб чиқарувчи сифатида монопол мавқеини сақлаб турган “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” АЖлар устувор имкониятлардан фойдаланиб, ушбу мавқени суиистеъмол қилиши эҳтимоли йўқ эмас. Қолаверса, 2019 йилда ушбу корхоналар шакар маҳсулотининг тахминан 10 фоизини биржа орқали, қолган 90 фоизини дилерлар орқали сотиб келган. Бу ўз навбатида, дилерларга юқорида келтириб ўтилган “имкониятларни” эркинлаштиради.

Шу ўринда савол туғилади – маҳсулотнинг аксарият ҳажмини биржа орқали сотилиши нимани беради? Биринчидан, фақат “чекланган дилерлар”га сотилиши ва фақат улар орқали қимматроқ нархдан қайта сотилишининг (спекуляция) олди олинади. Иккинчидан, биржа савдолари орқали барча турдаги истеъмолчилар, шу жумладан, дилерларнинг ҳам ҳеч қандай чекловларсиз маҳсулотни тўғридан-тўғри сотиб олиш имконияти яратилади.

Шунинг учун, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПҚ-4484-сонли қарорига мувофиқ, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган шакар ҳажмининг 90 фоизи ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида, барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда реализация қилиниши белгилаб қўйилди.

Ушбу механизмнинг жорий қилиниши шакар нархининг давлат томонидан назорат қилиниши тўхтатилди, дегани эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги ПҚ-3386-сонли қарорига мувофиқ шакар маҳсулоти ҳанузгача ижтимоий аҳамиятга эга ва стратегик маҳсулот ҳисобланади.

Бу ўринда, Монополияга қарши орган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сонли қарори талаблари асосида, шакар маҳсулоти нархининг (шу жумладан биржадаги бошланғич нархини) монопол юқори даражада белгиланмаслиги юзасидан, шунингдек, биржа савдоларида шакар ҳажмининг бир меъёрда қўйилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Хулоса қилиб айтганда, ҳақиқатдан ҳам шакар нархининг ошиши эҳтимоли мавжудлиги ўринли. Лекин бунга сабаб шакарнинг очиқ биржа савдолари орқали эркин сотилиши эмас, балки 2020 йил 1 январдан бошлаб тайёр шакар маҳсулоти импортига божхона тўловлари жорий қилинганлигидир.

Божхона тўловлари жорий қилиниши ҳақидаги қарордан сўнг тадбиркорлар ва истеъмолчилар томонидан шакар маҳсулотини олдиндан ғамлаб қўйганлиги сабабли бозорлардаги нарх ҳам ўзгармасдан барқарор сақланмоқда. Шунингдек, кунлик биржа савдоларига қўйилаётган ўртача 1900 тонна маҳсулотдан 15-20 фоизи сотилаётганлиги бунинг яққол далилидир. Жамғарилган шакар миқдори тугаши билан тадбиркорлик субъектлари ҳам янги киритилган божхона тўловлари билан импорт қилишига тўғри келади ва нархлар мутаносиб равишда ошиши эҳтимоли катта, шунингдек, биржа савдоларига қўйилган шакар ҳажмлари сотилиши ҳам орта бошлайди.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, республикамизда фаолият юритиб келаётган ушбу иккита шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан бирламчи хом ашё чуқур қайта ишланмайди, балки чет элдан ярим тайёр хом ашё импорт қилиниб, шакар ишлаб чиқарилади.

2018 йилда импорт қилинган 1 тонна шакар хом ашёсининг ўртача нархи 389 АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, тайёр шакар маҳсулоти эса 425 АҚШ долларига тенг. Яъни, ўртача фарқ 36 АҚШ долларидир. Шунингдек, 2019 йилда шакар хом ашёсининг ўртача нархи 418 АҚШ долларини ва тайёр шакар 435 АҚШ долларини ташкил қилиб, ўртача фарқ 17 АҚШ долларини ташкил этган. Кўриниб турибдики, валютани иқтисод қилиш нуқтаи назаридан ҳам катта самара мавжуд эмас, балки ижтимоий аҳамиятга эга бўлган шакарнинг импорт нархи ошади ва ўз навбатида, импорт ҳажми қисқаради. Бу эса “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” АЖларнинг монопол мавқеи кўчайишига олиб келади.

Юқоридагиларни ҳамда шакар маҳсулоти ижтимоий аҳамиятли товарлар турига кириши ва аҳолининг кунлик эҳтиёжи учун зарур маҳсулот ҳисобланишини инобатга олиб, тайёр шакар учун жорий этилган импорт божхона божи ва акциз солиғини бекор қилиш масаласини ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича Республика Кенгашининг йиғилишида кўриб чиқиш таклифи Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига киритилди.

Шакарнинг МДҲ мамлакатларидаги 2020 йил 1 январь ҳолатига ўртача чакана нархлар: Ўзбекистон – 5800 сўм, Қозоғистон – 4720 сўм, Қирғизистон – 5670 сўм, Тожикистон – 6100 сўм, Россия – 4850 сўм, Белорусия – 4900 сўм".