Шавкат Мирзиёев бу ҳафта Саудия Арабистонига боради

17-18 август кунлари Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонида бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов брифингда хабар берди.

Ташриф дастурига мувофиқ Жидда шаҳрида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Уларда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади. Алоҳида эътибор “яшил иқтисодиёт”, юқори технологиялар ва рақамлаштириш, инновациялар, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаларига қаратилади.

Саммит якунида икки томонлама ҳужжатларнинг катта тўплами имзоланиши кутилмоқда.

Шунингдек, давлат раҳбари Саудиянинг етакчи компаниялари, нуфузли халқаро тузилмалар – Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом тараққиёт банки раҳбарлари билан учрашув ўтказади.

Шу билан бирга Президент Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварани зиёрат қилади.