Шерзод Шерматов: Синфда 35 эмас, 24 ўқувчи ўқишини таъминлаш учун бир ўқув йилида 9 триллион сўм керак бўлади

Кеча, 22 май куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Тошкентда бўлиб ўтган «Беш ташаббус ҳаракати» ёшлар фестивалида давлат бюджети чекланганлиги сабабли соҳада баъзи ўзгаришларни амалга ошириш қийин бўлаётганини таъкидлабди.

- Иложим бўлганида эди... Бироқ бюджет чекланган. Масалан, менга синфда 35 эмас, балки 24 ўқувчи бўлиши кераклигини айтишади, - деди Халқ таълими вазири. - Мен буни жуда хоҳлардим. Aгар ҳисоблаб чиқадиган бўлсак, биргина шу ишни бир ўқув йили давомида бажариш учун 9 триллион сўм керак бўлади. Физика ва математикани ўқитишга тахминан 5−6 триллион сўм ажратилган. Бюджет чекловлари туфайли ҳамма нарсани бирданига амалга ошириш мумкин эмас.

Шерзод Шерматов STEM фанлари (фан, техника, инжиниринг ва математика)га қизиқувчи ёшларга тегишли адабиётларни инглиз тилида ўқишни тавсия қилди:

- Яхши дастурчи бўлишни истаганлар, албатта, инглиз тилини ўрганишлари керак. Масалан, энг яхши IT янгиликлар қаердан пайдо бўлишини биласизми? Улар Силикон водийсидан келади. Кейин улар икки йил давомида рус тилига, кейин ўзбек тилига таржима қилинади. Бу тўрт йилгача давом этиши мумкин. Шунинг учун агар биз IT бўйича янги китоб чиқарадиган бўлсак, бу тўрт йил эскирган нашр бўлади.

«Газета.uz» аввалроқ Халқ таълими вазири “Ўзбекистонда ўқувчилар сони (6,24 миллион) мактабларнинг лойиҳавий қувватидан (5,06 миллион) сезиларли даражада ортиб кетган. Вазият шу ҳолда ривожланиб борса, ўртадаги фарқ 2 миллионга етади. Мактабларда жой етишмаётгани ва икки сменали дарслар ўтилаётганига аҳоли сонининг ошгани ва мактабларнинг 9 йиллик таълимга ўтказилгани сабаб бўлгани ва муаммони ҳал этиш бўйича бир қанча таклифларни илгари сургани”ни эслатган.