Ширин “заҳар” бунча қиммат?

Кейинги кунларда бозорларимизда ун ва шакарнинг нархи анча ошди. Ойлар давомида берилган баёнотлар, ташқи бозордаги нарх-наволар бизга таъсир этмаслиги, захирада етарли миқдорда маҳсулот жамлангани ҳақидаги гаплар рўёдек гўё.

Хўш, кундалик эҳтиёжимиз учун зарур бу маҳсулотлар нега қимматлашди? Хусусан, шакар нархи ошишининг асл сабаблари нимада?

Саволларга жавоб излашдан олдин бозор ва супермаркетлар, савдо дўконларидаги шакар нархларига эътибор қаратамиз. 

Кеча, 10 июнь куни Самарқанд шаҳридаги “Сиёб деҳқон бозори”ни айланиб, ҳеч бир савдо дўконида шакар сотилмаётганига гувоҳ бўлдик.

- Бугун бозорга учинчи бор келишим, - дейди Чўпонота маҳалласида яшовчи Ф.Очилова. – Биринчи куни мураббо ва компот тайёрлаш учун 5 килограмм шакар сотиб олдим. Ўшанда шакарнинг килосини 16 минг сўмдан, кеча эса 17 минг сўмдан олдим. Мана, бугун ҳеч бир дўконда йўқ...

Ҳолатга изоҳ сўраб, бозор раҳбари Ҳусниддин Аслиевга мурожаат қилдик.

- Бозор ҳудудидаги нарх-навони имкон қадар назорат қиламиз, - деди Ҳ.Аслиев. - Аммо талабга яраша таклиф бўлгани боис ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқолмаймиз. Масалан, икки-уч кун аввал шакар аксарият савдо дўконларида 13-14 минг, ҳатто 16 минг сўмдан сотилди. Афсуски, чакана савдо билан шуғулланувчиларга “Маҳсулотингни биз белгилаган нархда сотасан”, дея олмаймиз.

Ўзимизнинг “Сиёб деҳқон бозори” МЧЖ махсус раста ташкил қилиб, бу ерда кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган ўтурдаги маҳсулотларни арзонлаштирилган нархларда сотяпмиз. Жумладан, вилоят ҳокимлиги кўмагида харид қилинган шакарни биржа баҳосида - 10 500 сўмдан сотувга қўйганмиз. Лекин бунда чеклов бор. Ҳар бир харидорга 2 килограмдан ортиқ сотилмайди. Кунига 400 килограмм шакар сотяпмиз. Ҳозирда захирамизда 80 тонна шакар бор. Бундан шаҳардаги маҳаллаларга фуқаролар йиғинига ҳам тарқатяпмиз.

Худди шундай “Темирйўл деҳқон бозори”да 2 килограмдан қадоқланган шакарнинг килоси 10 500 сўмдан сотиляпти. Бозор раҳбари Ғайрат Акобировнинг таъкидлашича, кечадан бошлаб ҳар куни 400 килограмдан шакар савдога чиқарилган.

Самарқанд шаҳридаги  йирик савдо дўконларидан бири Korzinka.uz да шакарнинг 1 килограми 11 000 сўмдан сотиляпти. Бу ерда ҳам 2 килограмлик чеклов бор.

-  Бир ҳафтада супермаркетлардан 16 минг сўмдан 20 минг сўмгача нархда шакар сотиб олаётган эдик, - дейди Али Қушчи маҳалласида яшовчи харидор Зуҳра Ўролова.  – Korzinkaдан бир ҳафта деганда 11 000 сўмдан 2 килограмм шакар сотиб олдим. Ҳамма навбатда турибди. Навбатимиз келганда шакар тугаб қолган пайтлар ҳам бўляпти.

Самарқанд шаҳридаги “Мandarin” супермаркетида бўлганимизда  шакарнинг 1 килограмми 17 минг сўмдан сотилаётганига гувоҳ бўлдик.

 

Шакарнинг асосий қисми ўзимизда ишлаб чиқарилаётгани ҳақида яқинда мутахассислар ижтимоий тармоқларда баралла айтишди. Масалан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси шу йилнинг март ойида шакар ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ҳамда сотувчи тадбиркорларнинг 2022 йилги фаолиятида вужудга келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича ҳукумат томонидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани, Россия ва Украинада шакар ва буғдой экспортига киритилган чекловлар Ўзбекистон ички бозорларидаги эҳтиёж ва нархларга таъсир қилмаслиги ҳақида маълумот берган эди. Ўшанда “Хоразмшакар” ва “Ангреншакар” омборларида 260 минг тонна шакар маҳсулоти захираси яратилгани, июнь ойигача яна 178 минг тонна хомашё етказиб берилиши маълум қилинганди. Вазиятни барқарорлаштириш мақсадида биржа савдосига қўйиладиган шакар ҳажми 30 фоизга оширилганини эълон қилишганди.

Худди шундай, ташқи бозордаги ҳолат, масалан, Россия ва Беларусдаги шакар экспортига чекловлар бизнинг бозорга таъсир қилмаслиги ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам баёнот берганди.

Аммо яқинда, нархлар оша бошлаган июнь ойи бошида Статистика қўмитаси “Бозор иқтисодиёти шароитида ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг минтақа ва бошқа давлатлар иқтисодиётлари билан ташқи савдо борасида ҳамкорликнинг кенгайиб ва эркинлашиб бориши ҳолатида мамлакат ичидаги нархларни қўшни давлатлардагига нисбатан кескин фарқ қилувчи даражада сақлаб туришнинг деярли имкони бўлмайди”, дея баёнот берди. Хуллас, билдикки, очиқ мамлакат учун ташқи дунёдаги ҳолатнинг таъсири бор ва бўлмайди деб айтишнинг ўзи хато экан.

Аммо шунга қарамай, яқинда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги барибир шакар танқислиги йўқ дея эълон қилди. Шакар нархи ошаётгани юзасидан эса қуйидагича маълумот берди:

“Республикада шакар танқислиги мавжуд эмас ва ички бозорни йил якунига қадар шакар билан тўйинтириш бўйича барча захиралар яратилган. Жумладан, шакарга бўлган талабнинг мавсумий ошиши шароитида (мева-сабзавотларни консервация қилиш мавсуми) нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида биржа савдоларига чиқариладиган шакар ҳажми жорий йил июнь ойидан бошлаб 50 фоизгача оширилади. Биржадаги савдоларга қўйилаётган шакар ҳажми амалдаги 2000 тоннадан 3000 тоннагача кўпайтирилади”.

Ушбу баёнотларнинг айримларида нарх-наво кўтарилишига ташқи омилларнинг таъсири йўқлигини англаш мумкин бўлса, айримларида ташқи бозор бизга ҳам таъсир қилмай қолмаслиги айтилади. Олдимизда эса бир неча саволлар пайдо бўлади: Нарх тобора кўтарилиб бораётгани, маҳсулот тақчил бўлиб қолганини қандай тушуниш мумкин? Ички бозоримиз 100 фоиз таъминланган, маҳсулот етарли бўлса, нарх нега қимматлашяпти? Нега бозору расталарда шакар йўқ бўлиб қолди? Нарх-навонинг ўсаётганида, энг аввало, инсон омили, жумладан, шакар бизнеси билан фақат маълум доирадаги шахслар шуғулланаётгани сабаб эмасмикан? 

Дарвоқе, сарлавҳада шакарни “ширин заҳар”, дедик. Ростдан ҳам олимлар шакарнинг инсон организмига 70 дан ортиқ зарарли хусусиятларини аниқлаган ва исботлаган. Шакарни сурункали меъёридан ортиқ истеъмол қилиш иммун тизимни сусайтиради ҳамда терининг эрта қариши ва эластиклиги пасайишини, тошмаларни чақиради.

Аммо бугун “ширин заҳар”нинг нархи ҳам заҳардай бўлди. Бунинг олдини олиш учун нарх-навони сунъий ошираётган сохта тадбиркор, олибсотарларнинг ноқонуний фаолиятини жиддий назорат қилиш, соҳада вужудга келган муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш керак эмасми? Агар юқорида айтилганидек, шакар захираси мавжуд бўлса, бугунги тақчиллик ва қиммат нарх замирида, шубҳасиз, сунъий тўсиқлар ётибди. Уларни йўқотишда эса масъул идоралар ходимлари жиддий ишлаши шарт.

Акрам Ҳайдаров,

Фазлиддин Рўзибоев.