Шодиёрхон АБДУВОЙИТОВ: “Гарвард – эришиб бўлмайдиган чўққи эмас”
Яқинда Президентимизнинг Оқдарё туманидаги 32-мактабга қилган ташрифи чоғида туманда Гарвард университети талабаси Шодиёрхон Абдувойитов деган йигит борлигини эшитдик. Шодиёрхон билан бўлган суҳбатимиз унинг болалиги, қандай қилиб нуфузли университет талабаси бўлгани ва келажакдаги орзулари ҳақида бўлди.
“Болалигимда жуда шўх бўлганман. Аммо олдимга қўйган мақсадим бўлган. Масалан, фан олимпиадасида ўрин олишим керакми, албатта, шунга интилганман. Ҳатто кеч соат учгача ухламасдан дарс қилган вақтларим бўлган. Менда масъулият ҳисси эрта уйғонган, тенгдошларим ўйнаса, дам олса мен ўқиганман. Мактабда кўпинча жисмоний тарбия дарсларига қатнашмасдим, синфда бир ўзим кейинги дарсга тайёрланиб ўтирардим.
Болалар кўпинча 5-6-синфлигида келажакда президент бўлишни орзу қилади, аммо мен космонавт бўлишни, олим бўлишни орзу қилганман. Улғайгач яна орзуларим ўзгарди, олдимга катта мақсад қўйганман. Ўша мақсадимга эришиш учун ҳаракат қиляпман.
Дастлаб қишлоғимиздаги мактабда, 5-синфдан туманимиздаги 52-ИДУМда ўқидим. Ихтисослаштирилган мактаб уйимиздан узоқда жойлашгани учун ҳафтада шанба, якшанба уйга келардим. Мактабда тажрибали, салоҳиятли устозлардан билим олдим, шунинг учун ҳамма фанларни яхши кўриб ўқидим. Сўнгра 2019 йилда энг юқори балл билан Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтига ўқишга кирдим. Биринчи курсни битиргач, яъни 2021 йилда ўзимдан бир синф қуйи ўқиган қизга уйланаман, деб туриб олдим. Мактабдалигимдан шу қизга кўнгил қўйгандим. Уйланмасам чет элга ўқишга кетаман, дедим уйдагиларга. Ўқиётган институтим томонидан хорижда ўқиш имконияти бор эди. Шундан сўнг, ота-онам уйлантириб қўйишди. Бир йилдан сўнг қизим, яқинда ўғлим туғилди. Уйланмасимдан олдин бир ойлик ҳарбий хизматни ҳам ўтаб келдим. Шу йил институтни битирдим. Институт дипломини онлайн олгач, Гарвард университетига магистратурага ҳужжат топширдим.
Гарвард университетига жорий йилнинг 7 июль куни 100 минг АҚШ доллари асосида грантга ўқишга кирдим. Энди битта суҳбат босқичи қолган, мен ва ҳужжатларимни текшириш учун. Суҳбат босқичи бутун дунё бўйича 2024 йилнинг 6 январь куни бошланади. Кейин август ойида виза олиш учун ҳужжатларимни элчихонага топшираман ва насиб бўлса келгуси йилнинг сентябрь ойида ўқиш учун Америкага кетаман. Мутахассислигим бизнес администрацияси бўйича магистратура шакли бўлиб, бу универсал соҳа ҳисобланади. Икки йиллик магистратурадаги ўқишимнинг бир йиллик контракт пули 65 минг доллар. Менга икки йил учун 130 минг доллар керак эди, яъни 100 минг доллар грантимдан ташқари яна 30 минг долларни ўзим топишим лозим эди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси менга 30 минг долларни ҳамда билет, ижара, яшаш пулларини қоплаб берадиган бўлди.
Мутахассислигим бўйича Ўзбекистондан мен ва наманганлик бир қиз Гарвардга ўқишга кирибди. Президентимизга мени таништиришганларида аввалига ҳамма гапларим ёдимдан кўтарилиб кетди. Сўнгра ҳаяжонимни босиб, Президентимизга грант асосида ўқишга кирганимни айтдим. У киши хурсанд бўлиб кетдилар ва ота-онамга, устозларимга саломимни ва раҳматимни етказинг, дедилар.
Кўпчилик ҳали ҳам ўқишга кирганимга ишонқирамаяпти, тўғри, илгари Ўзбекистондан Гарвардга жуда кам талаба ўқишга кирган. Аслида Гарвард эгаллаб бўлмайдиган чўққи эмас, келажакда юзлаб ўзбекистонлик ёшлар бемалол ушбу университетга ўқишга кириб, ўқий олади”.
Шодиёрхон ўқиш билан бирга ўзи туғилиб ўсган Оқдарё туманида “Joy akademy” ўқув маркази очган. Ўқув марказига маҳалладаги болаларни жалб қилган. Унинг фикрича, кишилар турмуш тарзини яхшилаш учун уларнинг дунёқарашини кенгайтириш керак. Дунёқарашни ошириш учун ўқиш ва билим олиш лозим.
“Кейинги йилларда ўқув марказлари очишга ҳукуматимиз кенг имкониятлар берди. Шундан фойдаланиб, ўқув марказимизда чет тилини ва IT соҳасини ўргата бошладик. Кейин ёшларимиз Ҳиндистонда бўлиб ўтган шахмат мусобақасида совринли ўринларни қўлга киритгач, марказимизда шахмат клуби ташкил қилдик.
Ўқув марказимизда 50 фоиздан ортиқ ёшлар имтиёзли ўқийди. Шароитдан келиб чиқиб, кимдир 50 фоиз, кимдир 100 фоиз чегирма асосида таълим олади. Шунда ҳам Аллоҳ ризқимизни беряпти.
Бундан ташқари, “Келажак касблари” миллий лойиҳаси бўлди. Биз ўқувчиларни IT соҳаси бўйича юз фоиз текин ўқитдик. Бунга кетган харажатни давлат бизга қоплаб берди.
Яқинда яна бир лойиҳа бошладик. Етти кишилик жамоамиз бор. Тендерда жамоамиз билан Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон ва Оқдарё туманларида бизнес инкубация ва акселерация марказининг катта лойиҳасини ютиб олдик. Буни Европа Тараққиёт банки Ўзбекистонга субсидия кўринишида, яъни бир бизнес инкубация ва акселерация маркази учун 230 минг АҚШ доллари миқдоридаги суммаларни ажратяпти.
Бизнес инкубация маркази нима дегани? Ҳозир ёшларимизнинг кўпчилиги тадбиркорлик қилиш учун, масалан, иссиқхона қуриш учун кредит оляпти. Лекин иссиқхона ҳақида унинг илми йўқ. Қайси ўсимликни экса яхшироқ бўлади, қайси дорини сепиш керак, қачон ҳосилни териб олиш лозимлигини билмайди. Шунинг учун кўпчилик ёшларнинг бизнеси куйиб, банкка қарзини қайтара олмай қоляпти. Биз ёшларга марказимиз томонидан бизнесни бошлашдан олдин, уларга билим, маслаҳат ва йўналиш берамиз. Бунинг учун икки нафар ходим чет элдан жалб қилинади. Уч нафар маҳаллий мутахассислар ишга олинади. Насиб бўлса, бу лойиҳани октябрь ойидан бошлаймиз”.
Шодиёрхон ҳали ёш бўлишига қарамай кўплаб муваффақиятларга эришган. Унинг олдига қўйган мақсадлари, амалга ошириши лозим бўлган режалари бисёр. Шу билан бирга у фарзандлари тарбияси билан ҳам жиддий шуғулланишга бел боғлаган.
“Фарзандларимни ўзимга ўхшамаслигини истайман. Сабаби, болалигимни беҳуда нарсаларга сарфлаганман. Ҳозир бунданда яхши натижаларга эришсам бўларди. Фарзандларимни Япония тажрибаси асосида тарбияламоқчиман. Япониялик Масару Ибуканинг “Учдан кейин кеч” деган китоби бор. Хуллас, болага икки ёшдан кейин чет тилини ўргатишни бошлаш керак. Шунда бола етти ёшида учта тилда гапира олади, ёза олади, бемалол ўқийди ва китоб ёзиш қобилиятига ҳам эга бўлади.
Аслида бу тажриба биздан ўзлаштирилган, сабаби улуғ алломаларимиз етти ёшида уч-тўрт тилда гаплаша олган. Масалан, ҳазрати Алишер Навоий бобомиз етти ёшида бешта тилни билган. Ал-Хоразмий бобомиз ITчиларнинг устози бўлган. Ота-боболаримиз қўйган талаб бола етти ёшгача қори ёки қория бўлиши керак бўлган. Фақат мана шу тажриба бизда унутилган, тартибланмаган. Ўзимизда ҳам мана шундай тажрибани қилса бўлади. Насиб қилса, бу ҳақда китоб ёзиш ниятим бор.
Ўзим ҳам инглиз тилини мактаб давримдан то ҳозирга қадар ўрганиб келяпман. Инглиз тили фақат олий таълим муассасасига кириш учун калит эмас, бутун дунёга чиқиш учун ҳар бир инсон инглиз тилини билиш керак. Шунинг учун ёшларга инглиз тилини астойдил ўрганишни маслаҳат бераман. Бугун ижтимоий тармоқларда 90 фоиз маълумот инглиз тилида ёзилган.
Одам қанча дунёқараши кенг инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлса, шунча фикрлаш доираси кенгайиб боради. Мени тажрибали ва билимли устозларим бор, улар билан ҳамсуҳбат бўлиб, маслаҳатларини олиб тураман.
Бадиий китобларни мақсадим йўлида ўқийман, кўпроқ илмий-оммабоп китоблар ўқийман. Бир сафар “Дон Кихот” китобини ўқишим керак бўлиб қолди. Керак бўлгани учун ўқидим, аслида вақтимни қизғонган бўлардим. Вақтни бошқарув ҳақида, бепарволикнинг нозик санъати, иқтисодиётга оид китоблар ўқийман. Булардан чарчасам бадиий китоб ўқийман. Энг яхши кўрган китобим Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома” асари. Бу китоб менга завқ берган. Ҳамманинг ўз кумири бўлади, менинг кумирим Соҳибқирон Амир Темур”.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА суҳбатлашди.