Си Цзиньпин Ухан шаҳрига борди

Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзиньпин, маҳаллий ҳукумат томонидан коронавирусга қарши олиб борилаётган курашни назорат қилиш учун бугун Ухан шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар берди.

Хитой етакчиси янги турдаги коронавирус тарқалиш марказига айланган шаҳарга маҳаллий вақт билан соат 10.00 (7.00 Тошкент вақти) етиб келди. Сафар давомида у коронавирусга қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар ва касалликнинг олдини олиш профилактикаси билан танишди. Си Цзиньпин Ухан шаҳрида тиббий ходимлар, ҳарбийлар, ижтимоий ишчилар, жамоат хавфсизлиги ходимлари, кўнгиллилар, беморлар ва маҳаллий аҳоли билан учрашади.

Коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун махсус бунёд этилган “Хошэньшань” шифохонасига ташриф буюрди. Бу ерда давлат раҳбарига қисқа вақт ичида барпо этилган госпиталнинг қандай қилиб бу қадар тез қурилгани, шифохонага беморларни жойлаштириш, даволаш ва тиббий ходимларни касалликдан ҳимоя қилишда қандай чора-тадбирлар қўлланилаётганлиги тўғрисида ҳисобот берилди.

Муассасада Си Цзиньпин беморлардан ҳол сўради, тиббий ходимлар билан суҳбатлашди. У барчани ўзига бўлган ишончни оширишга ва эпидемия устидан ғалаба қозонишга чақирди.