Симёғочдан қутулса бўладими?

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида бўлган таҳлилда шу саволга амалий жаваоб изланди.
Маълум бўлишича, вилоят ҳудудида 560 мингта “столба” мавжуд, уларнинг 360 мингдан ортиғи эски симёғоч устунлардир. Агар электр таъминоти идоралари раҳбарлари айтган режага қаралса, ҳар йили 15-20 мингта симёғоч бетон устунларга алмаштирилганда ҳам, бу иш 15 йилда якунланади. Ҳозирча “столба”лар катта харажат эвазига бошқа вилоятдан олиб келиняпти.

- Раҳбарларимизда ташаббускорлик етишмаяпти, - деди вилоят ҳокими. – Акс ҳолда, улар бу ишни ўз туманларида йўлга қўйишлари мумкин эди. Бунинг учун ҳар бир минтақада қонуний цех очиб, мутахассисларни жалб этиш кифоя. Ёки, тайёр цехларда давлат-шерикчилик ҳамкорлигини йўлга қўйса бўлади.

Бу таклиф кўпчиликка маъқул тушди.
Дарвоқе, бундай тажриба Паст Дарғомда ўзини оқлади. Бу ерда кўчаларни ёритиш мосламаси ўрнатиладиган темир устунлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Тумандаги барча катта йўлларга ўрнатилган бундай устунлар кўчага чирой бағишламоқда.
Қани, кутамиз, қайси туман электр таъминотчилари бизга бу хайрли ишни бошлагани ҳақида хабар берар экан?..