Сирдарё вилояти ҳокими аҳолини ёлғон миш-мишларга ишонмасликка ва саросимага тушмасликка чақирди
2021 йил 14 январь куни ярим тунда ижтимоий тармоқлар орқали Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашган "Қайроққум" сув омборининг ёрилиши оқибатида сув тошқини содир бўлганлиги тўғрисида ёлғон хабарлар тарқалди.
Бу хабар тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин каби туманларда жиддий ваҳима уйғотган. Айримлар ўз яшаш ҳудудини тарк этишга ошиққани ҳолатлар ҳам бўлди.
Бундан хабар топган вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев туманларга етиб борди, дейилади Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.
Ғофуржон Мирзаев бу каби хабар тарқалишига хеч қандай асослар мавжуд эмаслигини билдирди. Аҳолини ёлғон миш-мишларга ишонмасликка ва саросимага тушмасликка чақирди.
Шунингдек, Тожикистондаги фавқулодда вазиятларга масъул идорадан олинган аниқ маълумотларга кўра, "Қайроққум" сув омбори бузилмаган ва нормал ҳолатда ишламоқда, деб хабар берди ФВВ матбуот хизмати.