Солиқ тўловчилар учун яна бир қулайлик. Энди my.soliq.uz сайти орқали мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш мумкин

Президентимизнинг 2018 йил 26-декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги қарорига кўра, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари тураржой, квартиралар (шаҳарларда жойлашган, умумий майдони 200 кв.м дан ошиқ бўлганлари бундан мустасно), дала ҳовли қурилмалари, бошқа иморатлар, хоналар ва иншоотлар учун мулкнинг кадастр қийматидан 0,2 фоиз этиб белгиланди. Шунингдек, шаҳарларда жойлашган, умумий майдони 200 квадрат метрдан 500 квадрат метргача бўлган тураржойлар ва квартиралар 0,25 фоиз, 500 квадрат метрдан ортиқ бўлганда 0,35 фоиз, бошқа аҳоли яшаш пунктларида 0,25 фоиз миқдорда тўлов амалга оширилади.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи кадастр қийматидан келиб чиқиб, 42000 минг сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланади. Агар кадастр қиймати бўлмаса, солиқ ундириш учун Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят марказларида 210 000 минг сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда 90 000 минг сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинади. Мол-мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган янги қурилган тураржойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулк шартли қийматининг икки баравари миқдоридан келиб чиқиб ундирилади. Айрим тоифадаги жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш мақсадида солиқ солинмайдиган майдон 60 квадрат метри ҳажмида белгиланди. 2019 йилда мол-мулк солиғига ҳисобланган солиқ 2018 йил учун ҳисобланган солиқ суммасидан 1,3 баробардан кўпроққа ошмайди.

Жисмоний шахсларнинг ер солиғи ставкаларини тўлашда қандай ўзгаришлар бўлди? Жумладан, фуқаролардан якка тартибда уй-жой қуриш учун берилган ернинг 1 квадрат метри учун Самарқанд шаҳрида 225 сўм, Каттақўрғон шаҳрида 133,6 сўм миқдорида ер солиғи олинади. Бошқа кичик шаҳарлар учун бу 133,6 сўм, туман марказлари ҳисобланган қўрғон ва қишлоқ аҳоли пунктлари учун 116 сўм этиб белгиланди.

Қишлоқ жойларда жойлашган ер участкаларидан фойдаланганлик учун фуқаролардан ундириладиган ер солиғи ставкалари Самарқанд вилоятида деҳқон хўжалигини юритишга суғориладиган зонадан берилган 0,01 га. ер майдони учун 7 911,6 сўм (аҳоли пунктларида) ва 3 956,5 сўм (аҳоли пунктларидан ташқарида), лалми ерларнинг 0,01 га. ер майдони учун эса 917 сўм тўланади. Шунингдек, жамоа боғдорчилиги ва полизчилигини юритишга берилган 0,01 га. ер майдони учун 3 578,2 сўм миқдорида солиқ ставкаси белгиланди.  

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш борасида юртдошларимиз учун яратилган яна бир қулайлик хусусида тўхталиб ўтиш жоиз. Жумладан, солиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали — my.soliq.uz сайтидаги мол-мулк ва ер солиқлари калькуляторлари орқали ушбу солиқларни ҳисоблаш имконияти мавжуд.

Умид Алимов, Самарқанд вилоят ДСБ  Жамоатчилик билан алоқалар ва  ҳуқуқий ахборот шўъбаси  давлат солиқ инспектори.