Сўнгги уч йилда 500 дан ортиқ хонадонлар селдан зарар кўрган: бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
2018-2021 йилларда вилоятимизда Нуробод туманида иккита ва Пахтачи туманида битта тошқин ва сел билан боғлиқ фавқулодда вазият, 20 марта кўнгилсиз ҳолат содир бўлган.
Бунинг оқибатида 3 нафар фуқаро жабрланиб, шунча одам ҳалок бўлган. Сел-тошқинлари 35 га яқин инфраструктура объектига (кўприклар, йўллар, коммунал тизимлар) 500 дан ортиқ аҳоли хонадонларига зарар етказган.
Гувоҳи бўляпмизки, жорий йилда ҳам ёғингарчилик кўп бўляпти. Мазкур табиат ҳодисаси турли кўнгилсизлик ва офат келтирмаслиги учун эътибор қаратилиши лозим бўлган бир қатор жиҳатлар бор.
Хусусан, дарё, канал, ариқ, зовур ва бошқа сув ўтказувчи иншоотларга яқин ҳудудлардан жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратилишида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 декабрдаги 981-сонли қарори талаблари бажарилишини экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув хўжалиги бошқармалари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар назорат қилиши керак.
Шаҳар ва туманларда ариқ ва каналларни инвентаризациядан ўтказиб, тегишли хизматлар ҳамкорлигида тозалаш, таъмирлаш муҳим аҳамиятга эга. Дарё, канал, ариқ, зовур ва бошқа сув ўтказувчи иншоотлар атрофида ноқонуний қурилган ва ёмғир сувлари, сел ва сув тошқинларини беталофат ўтказишга тўсқинлиқ қиладиган объектларни аниқлаш бўйича ўрганиш ишларини давом эттириш керак.
Бундан ташқари, тоғ ва тоғолди ҳудудларидан ер участкаларини ажратиш ҳамда бино ва иншоотларга кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришдан олдин ҳудудда гидрометеорологик ва геологик хавф даражаси бўйича Гидрометеорология бошқармаси ва хавфли геологик жараёнларни кузатиш хизмати Самарқанд станциясидан хулоса олиш амалиётига риоя этиш шарт.
Бугунги кунда Ургут туманида 4 та ва Самарқанд шаҳрида 1 та хўжалик сел хавфи бўлган ҳудудда яшайди. Уларни хавфсиз ҳудудга кўчириш, хавфли ҳудуддаги турар жойларини тўлиқ бузиб ташлаш зарур.
Бу каби ва чора-тадбирлар юзага келиши мумкин бўлган хавфни камайтириб, унинг оқибатларини юмшатишга хизмат қилади.
Нуриддин Каримов,
вилоят ФВБ бўлим бошлиғи.