Совуқ кунларда ичимлик суви узилиб қолмайдими?
Вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган брифингда “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ директори ўринбосари Т.Сиддиқов шу каби саволларга жавоб берди.
Унинг айтишича, бугунги кунда вилоятимизда аҳолининг 75,4 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган, 24,6 фоизи эса муқобил ичимлик сув манбаларидан фойдаланиб келмоқда. Уларга 1837 та ичимлик сув иншооти, 6400 километр ичимлик сув тармоқлари, 30 та оқова сув тозалаш иншоотлари, 727,7 километр оқова сув тармоқлари хизмат қилмоқда.
Жорий йилда 347,3 миллиард сўм маблағ сарфлаб 806,2 километр тармоқ ва 167 та иншоот қурилди ва реконструкция қилиниши сабабли чекка ҳудудлардаги 94 та маҳаллада яшовчи 85,9 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланиб, 160 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди. Оқова хизмати билан таъминланиш даражасида эса 18,3 фоиздан 20,6 фоизга яхшиланди.
Шунингдек, брифингда қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ томонидан шаҳар ва туманларда кечаю-кундуз ишлайдиган авария бригадалари ва маъсул ходимлардан иборат навбатчиликлар ташкил этилгани айтилди. Бунинг учун қўшимча 24 та авария бригалари тузилиб, 35 та махсус техникалар жалб қилинган. Уларга 109 нафар ходим бириктирилган.
- Жорий йилнинг 14 декабрь ҳолатига ичимлик суви тармоқларида вилоят бўйича 35 та носозлик содир бўлган бўлса, шундан 32 таси бартараф этилди, 3 таси бўйича иш олиб борилмоқда, - деди Т.Сиддиқов. - Бугунги кунда 5,5 километр ичимлик сув тармоқлари, 15 дона сув насоси, 20 дона махсус ускуналар, 30 дона музни эритиш ускунаси, 6 тонна ёқилғи ҳамда бошқа ускуналар захираси яратилган.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.