Сохта “Ёзги оромгоҳлар” кимга керак?

Айни кунларда жуда кўп мактаблар ёзги соғломлаштириш масканига айлантирилибди. Яъни, у мактаблар қоғозда, ҳа айнан қоғозда гўёки жуда зўр шароитларга эга бўлган, худди болалар маза қилиб дам оладиган “Ёзги оромгоҳ”ларга айлантирилган.

Юқоридан келган биргина буйруқ билан гарчи мактабларда етарли шароит бўлмаса-да, мажбуран ёзги лагерга мослаштирилган. Ўқитувчилар сарсон, директор сарсон, директор ўринбосарлари сарсон.

Меҳнат таътилига чиқиб кетаётган педагоглар оромгоҳда тўгарак ўтишга мажбурланмоқда. Уларнинг ҳуқуқлари бузилмоқда.

Ҳой, оромгоҳ очмоқчи бўлаётган бошқарма бошлиқлари-ю, мудирлар ва ҳокимлар! Бир нарсани тўғри тушунинглар! Шу иссиқда қайси бола келади мактабдаги жазирама хоналарга? Сизнингча, ўқувчиларга айнан нима учун ёзда таътил берилади?

Ўқувчилар бир йил ўқиб, таътилга чиққанда, ота-онаси билан бирга бўлиши керак эмасми? Нега ўқитувчиларни қийнайверасизлар тўгарак ўтгин деб? Бу билан болаларни ҳам мактабдан безитиб юбормаяпмизми?

Мактабларда ўқиш учун шароит етарли эмас-ку, яна шу мактабда оромгоҳ ташкил қилиш қандай мантиққа тўғри келади? Ахир лагерь дегани тоғли, соя-салқин жойларда ташкил этилиши керак эмасми? Бечора ўқитувчилар болаларни мажбуран мактабга чақираётганини билмайсизми?

Ким ўйлаб топди ўзи шу мактабларда оромгоҳ ташкил этишни? Шу иссиқда меҳнат таътилига чиқиб олган қайси ўқитувчи яна мактабга келиб, ойлик маошсиз, текинга тўгарак ўтишни истайди? Ахир улар болаларга бир йил таълим бергани камлик қилдими? Улар роботми? Ўқитувчиларнинг дам олишга ҳаққи йўқми?

Йил давомида асаблари чарчаган директор, “замдиректор”, “завуч”лар қачон таътилга чиқиб бемалол дам олади? Халқ таълими вазирлиги лагерь очилган мактабларга бир сўм ҳам ажратилмаётганлигини, у ердаги болаларга синф раҳбарлари ўз уйидан озиқ-овқат ташиб келаётганини, оромгоҳга жалб қилинган педагог ходимлар меҳнат таътилида бўлишига қарамасдан, ойлик маошсиз текинга ишлатилаётганлигини биладими?

Бундай кўзбўямачилик учун очилаётган, умуман талабга жавоб бермайдиган сохта ёзги оромгоҳлар кимга керак? Ёзги оромгоҳларни ташкил қилишдан мақсад нима, аслида бу ҳам мажбурий меҳнатнинг бир тури эмасми? Ходимлар меҳнат таътилига чиқиш ўрнига яна мактабда болаларга тўгарак ўтиши шартми, таътил ўз номи билан таътил, ҳамма бирдек дам олиши керак эмасми? Бўлди, бас қилайлик! Мантиқни ишлатайлик.

Улуғбек Пўлатов.

P/S: Ҳақиқатда блогернинг гапларида жон бор. Биз ҳам Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармасидан мактаблар қошида очилаётган “Ёзги оромгоҳлар” ҳақида маълумот сўрадик, аммо бу ҳақда ҳеч қандай маълумот ололмадик. Сабаби, номига очиладиган “Ёзги оромгоҳлар” учун ҳеч қандай маблағ ажратилмайди ва блогер айтганидек иссиқ хоналарда болалар дам олиш учун бормайди.