Сўз уммонида гавҳар терган Навоий

Алишер Навоий нафақат туркий халқлар, балки бутун башарият маънавий меросига улкан ҳисса қўшган, туркий тил ва адабиётининг инсониятнинг асрлар давомида яратилган хазинаси ичра беназир эканлигини  кўрсата олган ижодкордир. Унинг адабиётшунослик, бадиий ижод, тилшунослик, шоҳлар, авлиёю анбиёлар тарихи, тасаввуф, шеър ёзиш назариясига доир асарлари ўз даври илмий-адабий муҳитига доир муҳим маълумотларни ўзида жамлаганлиги билан бугунги илм-фан ривожига хизмат қилиб келмоқда.

Алишер Навоий ижодини темурийлар даври сиёсий муҳитисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шоир қийин сиёсий шароитда улғайди, салтанат ишларида фаолият олиб борди, бадиий ижод билан шуғулланди. У яшаган давр адабий жараёнида зуллисонайнлик анъанаси ҳукм сурар, ижодкорлар кўпроқ расмий доираларда мавқеи юқори бўлган форсий тилида асар яратишга интилар эдилар. Ана шундай вазиятда Алишер Навоий туркий тилнинг форсий тилидан кам эмаслиги, маъно нозикликлари, фикр ифодалаш имкониятлари бошқа тиллардан устун эканлигини кўрсата олган эҳтиёж фарзанди сифатида илмий-адабий майдонга кириб келди. Алишер Навоийнинг ҳар бир асари ўз даври учун янгилик ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, Алишер Навоийнинг “Мажолисун-нафоис” (“Гўзал мажлислар”) асарига қадар форсий тилда тазкиралар яратилган. Алишер Навоий эса ХV асрда яшаб, туркий тилда ижод қилган юзлаб адабиёт намояндалари тўғрисида маълумот берувчи “Мажолисун-нафоис” асари билан бу бўшлиқни тўлдирди. Асарда 459 та шоирлар ва олимлар тўғрисида маълумот берилган. “Мажолис ун-нафоис” саккиз қисм - “мажлис”дан ташкил топган, хронологик тартибда яратилган илмий асар ҳисобланади. Унинг ҳар бир мажлиси ўз кўламига кўра маълум бир даврни қамраб олади. Асарнинг илк мажлисларида Алишер Навоийдан илгари яшаган, унга замондош бўлган ижодкорлар, 5-6 мажлисларда темурийлар даври ижодкорлари, 7 ва 8 мажлисда темурийлар, хусусан, 7 мажлисда келиб чиқиши темурийларга мансуб бўлган шоирлар, 8 мажлис эса Султон Ҳусайн Бойқаро ҳаёти ва ижоди тўғрисида маълумотлар берилган. Ҳар бир шоирга тавсиф беришда унинг ижодидан намуналар келтирилган.

Алишер Навоийнинг туркий тил фазилатлари, фасоҳату малоҳати ҳақидаги фикрлари унинг “Муҳокаматул луғатайн” асарида ўз амалий исботини топди. Алишер Навоий бу асарда туркий ва форсий тилнинг ўзига хос жиҳатларини чоғиштирар экан, туркий тилининг ифода имкониятлари кенглигини кўрсатувчи қатор далиллар келтиради, мисолларни таҳлил қилиш орқали фикрларини асослайди. Алишер Навоий бунинг учун туркий тилдаги мавжуд қувормоқ, қуруқшамоқ, ушармак, жийжаймоқ, ўнгдаймоқ, дўмсаймоқ, умунмоқ, ядамоқ, қадамоқ, чиқанмоқ, кўндурмак, сўндурмак, суқлатмоқ каби феълларни таҳлилга тортади. Алишер Навоий бу феълларнинг нозик маъно қирралари тўғрисида фикр юритар экан, туркий ва форсий тилдаги кўринишларини ўзаро қиёслайди ва шу орқали туркий тилнинг нозик қирраларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилган.

Масалан, шарқ адабиётида муҳим ўрин тутувчи “май” тўғрисида фикр юритиб, “Шуаро акобиридинки, баъзи «май» таърифида муболаға қилибдурлар, ва бу муътаддун биҳ амредурки, май ичмоқ қавоидида сўз кўп суруп, зарофат ниҳоятсиз зоҳир қилурлар. (Шоирларнинг катталаридан баъзилари «май» таърифида муболаға қилибдирлар. Бу нарса одат бўлиб кетганки, май ичмоқ қоидалари тўғрисида кўп сўзлар юргузиб, ниҳоятсиз хуш таъблик кўрсатадилар) дейилади. Алишер Навоий май ичиш ҳолатини ифодалашда туркий тилдаги шу маънони берувчи сипқармоқ сўзи англатган маъно форсий тилида йўқлигини айтади, шунга маъноси яқин бўлган томшимоқ сўзида эса ичмоқдан ташқари қўшимча маъно мавжудлигини қуйидагича изоҳлайди:

Ва томшимоқ ки, ғоят; завқдин бот ичмас ва лаззат топа-топа, оз-оз ичар. Бу ғариб маъни адосида туркчада бу матлаъ борким, Байт:

Соқий чу ичиб, менга тутар қўш

Томший-томший ани қилай нўш.

Бу феъл ҳозирги адабий тилимизда “тамшанмоқ” тарзида қўлланилади. “Сипқармоқ” сўзида ичиш жараёнида оғизнинг кенг очилмаган тарзда бўлиши назарда тутилса, “томшимоқ” сўзида эса айнан ичиш эмас, балки ичгандан сўнг оғиздаги таъм билиш жараёни акс этади.Ёки шоир айтганидай “завқдин бот ичмас ва лаззат топа-топа, оз-оз ичар.”.

Асарда бундан ташқари сўзнинг семантик имкониятлари “йиғламоқ” мазмунидаги феъллар мисолида ҳам кўрсатиб берилган. Алишер Навоий туркий тилда йиғламоқ мазмунидаги бўхсамоқ феъли маъносини форс тилида бериб бўлмаслиги қайд этади, тилимиздаги инграмоқ ва синграмоқ феъллари мазмуни орасида фарқнинг деярли сезилмас даражада эканлиги, уларнинг семантик жиҳатдан оҳиста, яширин йиғлашни англатиши, сиқтамоқ феълида эса бу ҳаракатнинг ўта муболағали акс этишини “форсийда бу мазмунки бўлмағай, шоир не чора қилғай? Ва сиқтамоқким, йиғламоқда муболағадур, турк бу нав адо қилибдурки, Байт:

Ул ойки, кула-кула қироғлатти мени,

Йиғлатти мени демайки, сиқтатти мени. “деб изоҳлайди.

Шу ўринда Алишер Навоий йиғламоқ маъносини ифодаловчи феъллар синонимик қаторида турувчи ўкурмоқ феълида кучли овоз чиқариб йиғлаш, инчкирмоқ феълида эса ингичка овоз билан йиғлаш маъноси ифодаланиши мисоллар асосида таҳлил қилиб берган. Навоий “Чун ўкурмак муқобаласида форсий тилда лафз йўқтур, форсийгўй шоир мунингдек ғариб мазмун адосидин маҳрумдур. Яна йиғламоқнинг ўкурмаки муқобаласида иничкирмак дағи бор ва ул инчка ун била йиғламоқдур” дейиш билан туркий тил ифода имкониятларининг форсий тилига қараганда устунлигини кўрсата билган.

Хуллас, Алишер Навоий ўзбек тили тараққиётига муносиб ҳисса қўшди, унинг ҳар тарафлама мукаммал ва беназир эканлигини илмий ва амалий жиҳатдан исботлаб берди.

Толиб Жўраев,

СамДУ доценти.