Субсидия бўйича тизимнинг янгилангани одамларнинг сарсон бўлишига олиб келмаслиги керак
Самарқанд шаҳри Қорасув масканидан мурожаат қиляпман.
Субсидия асосида кўплаб кишилар уйли бўляпти. Аммо давлат томонидан тўланадиган 8 фоизлик субсидия пули марказлашган ҳолда республика банклари орқали тушиши йўлга қўйилибди.
Мен ҳам мазкур имтиёз, яъни субсидиядан фойдаланиб, уй-жойга эга бўлганман. Ўтган ойлар давомида пластик картамдан тўлашим керак бўлган суммадан ҳам ортиқча (аслида ортиқча эмас, молия бўлимидан тушиши керак бўлган қисми) пулни олиб қўйди. “Туронбанк” Самарқанд филиали мутахассислари билан телефон орқали боғланганимда "Молия бўлимидан пулингиз ой охирида тушаркан, шунинг учун шартномада кўрсатилган талаб асосида сизнинг пластик картангиздаги молиянинг пули ҳам ечилган", деган жавобни айтди.
Вилоят молия бош бошқармаси ходимлари "Бу республика билан боғлиқ, биз ҳеч нарса қила олмаймиз, агар бизга ташласа, кредит олган банкингизга ўтказамиз", деган жавоб қайтаришди.
Бир нарсага ҳайронман. Тушунишимча, тизимнинг янгиланиши аҳолини сарсон бўлиши ва муаммолар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган. Аслида аҳолига қулайлик яратилиши керак бўлган тизим нега "бошқача" ишлаяпти?
Бу борада тегишли мутасаддилар қандайдир битта жавоб билан вазиятдан чиқиб кетишни эмас, тизимни эртароқ тўғри ишлашини таъминласа мақсадга мувофиқ бўларди.
Муаммо фақат менга тегишли эмас, билишимча ҳозир кўпчилик худди шу масалада азият чекяпти.
Д.Ашурова.