Суд – мустақил орган

Ҳуқуқ идоралари, жумладан, судлар йилларки, одамларда қўрқув уйғотган. Кейинги йилларда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида мазкур тизимда ҳам ходимлар халққа хизмат қилиши кераклигини теран англаб, фаолият олиб бормоқда.

Айниқса, улардаги очиқлик, шаффофлик, шу билан бирга, фуқаролар учун бир қатор қулайликлар кузатилмоқда. Вилоят суди раиси Олим Ҳайитов билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

- Ўтган йили соҳада катта ўзгаришлар амалга оширилди. Улар орасида судлар фаолияти учун муҳим бўлган янгиликни ва одамларга, яъни қонун тили билан айтганда, жисмоний шахсларга фойдали бўлган қайси ўзгаришларни айтиб ўта оласиз?

- Муҳим янгиликлардан бири сифатида суд тузилмасидаги ўзгаришни келтириш мумкин. Илгари фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича учта алоҳида вилоят судлари фаолият кўрсатарди. Энди улар битта - вилоят суди сифатида бирлаштирилди. Вилоят суди раиси ва унинг фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича ўринбосарлари – судлов ҳайъати раислари лавозими жорий этилди.

Ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 19 декабрдаги ўнинчи ялпи мажлисида суд қарорларини қайта кўришнинг процессуал тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ҳамда Жиноят, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар маъқулланди.

Натижада ишлар кўриб чиқилишида бир-бирини такрорловчи инстанциялар бекор қилиниб, “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилди. Унга кўра, халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими:

биринчи инстанция (туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича – вилоят судлари);

апелляция инстанцияси (вилоят даражасидаги судлар);

кассация инстанцияси (Олий суд) судлари яратилди.

Мазкур ўзгартиришлар фуқаролар ортиқча оворагарчиликларининг олдини олиш баробарида тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини тўлиқ таъминлашга, фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишига хизмат қилмоқда.

- Судлар фаолияти ҳақида гап кетганда, аввало, мажлислар зали етишмаслиги, шунингдек, фуқаролик судларида битта судья бир кунда 3 тадан 10 тагача иш кўраётганлиги ва табиийки, бу нарса сифатга таъсир қилаётгани ҳақида айтилади. Тўғри, бу муаммоларни ҳал қилиш вилоят суди ваколатига кирмайди, аммо муаммо бор ва у юқорига етказилмаса, барибир ҳал бўлмайди. Нима дейсиз?

- Бундай муаммо илгари мавжуд эди. Олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан бир қаторда суд органлари фаолиятини ташкилий таъминлаш борасида ҳам катта ишлар қилинмоқда. Туманларда замонавий, барча шароитларга эга суд бинолари қурилиб, фойдаланишга топшириляпти, баъзилари қайта таъмирланмоқда.

Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Ургут тумани суди янгидан ташкил этилди. Мазкур суд аввалига жиноят ишлари бўйича туман суди биносида фаолият олиб борди. Ўша пайтларда суд мажлиси зали етишмовчилиги учраб турарди. Бугунги кунда туман марказида бўш турган маъмурий бино таъмирланиб, барча шароитлар яратилгач, ФИБ туман судига топширилди. Бу ерда бугунги кунда фаолият кўрсатаётган иккита судьяга иккита мажлислар зали мавжуд.

Жиноят ишлари бўйича Ургут тумани судида ҳам ҳар бир судьяга биттадан мажлислар зали бор.

Бундан ташқари, зал етишмовчилиги бўлган фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида қўшимча иккита суд зали ишга туширилиб, муаммо ҳал қилинди. Фуқаролар кутиш зали қурилиб, қулай шароит яратилди. Бундай мисолларни барча туманлар бўйича айтиш мумкин. Муҳими, суд органлари фаолиятини такомиллаштириш ва фуқароларга қулайлик яратиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.

Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тизимда катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу тадбирлар фуқаролар ортиқча оворагарчилигининг олдини олиб, бевосита суд органларига келишини камайтиради.

Чунки фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизмат турлари кенгайтирилмоқда. Суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имконияти кенгайтирилди. Шунингдек, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн олиш имконияти яратилди.

Мисол учун, яқинда Самарқанд шаҳар судида бир фуқаролик иши кўрилди. Респуб­ликамизнинг бошқа вилоятида бўлиб турган тарафлардан бири видео­конференцалоқа, яна бир иштирокчи Туркияда, бошқа бир иштирокчи Россия давлатининг Санкт-Петербург шаҳрида мобил қурилма орқали иштирок этди. Албатта, бу амалиёт кенгайтириб борилади. Фуқаролар уйи­дан туриб, мобил қурилма - телефон, планшет орқали суд мажлисида онлайн қатнашаверади.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда битта судья 3 тадан 10 тагача иш кўриши иш сифатига салбий таъсир кўрсатади, деган эътирозга қўшилмайман.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда нисбатан иш кўп бўлиши бор гап. Лекин ишнинг ҳам турлари кўп. Бир кунда ўнталаб кўрса бўладиган кичик ҳажмли ишлар бор, биттаси ҳафталаб, ойлаб кўриладиган ишлар ҳам бор. Ҳар бир судья кунига фалонча иш кўриши шарт, деган қоида йўқ. Қанча иш тайинлаш ва кўриш судьянинг ўзига ва ишларнинг катта-кичиклигига боғлиқ. Иш сифатига эса эртага судья жавоб беради, чунки судьянинг фаолиятига баҳо берадиган мезон, талаблар бор.

(Давоми бор)