Оқлов масаласи эски "ўзан"га қайтаяптими?

Бу ҳақда Самарқанд вилояти суди раиси Олимжон Ҳайитовнинг фикри қандай?

- Кейинги 3-4 йилда оқлов масаласи янги термин сингари ҳаё­тимизга кириб келди, - дейди О.Ҳайитов. - Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг кейинги босқичида оқлов масаласига катта эътибор бериляпти. Бу амалиёт давлатимиз инсонпарварлик сиёсатининг ёрқин мисоли сифатида кенгайтириб борилмоқда. Кейинги беш йилда суд органлари жазоловчи эмас, ҳимоя қилувчи орган сифатида шаклланаётган экан, оқлов масаласига жуда кўп бора мурожаат қилинади.

Хусусан, 2021 йилда вилоят судларининг барча инстанцияларида 29 та жиноят иши бў­йича 49 нафар шахс оқланди. 2020 йилда эса 19 та жиноят иши бўйича 22 киши оқланган эди.

- 2021 йилда энг кўп оқлов ҳукмлари (қарорлари) чиқаришга эришган адвокатлар ва энг кўп оқлов ҳукмлари (қарорлари) чиқарган судьялар кимлар?

- Оқлов ҳукмлари (қарорлари) чиқаришга эришган адвокатлар ҳисоботи бизда юритилмайди.

Энг кўп оқлов ҳукмлари чиқарган судьялар ким, деган саволни ҳам бошқачароқ қўйиш керак. Судьялар ўртасида ким кўп оқлов қиларкин, деган мазмунда ҳисобот ёки мусобақа йўқ. Бу ҳақиқатга ва амалиётга тўғри келмайди. Чунки судьяга қачон, қанақа мазмундаги суд ишлари келиб тушишини ҳеч ким билмайди. Ўз касбини яхши биладиган, тажрибали, ҳалол ва виждонли судья ишнинг мазмунидан келиб чиқиб хулоса қилади. Бунинг устига, судьялар мустақил, унинг ишига ҳеч ким аралашмайди ва чиқарган қонуний хулосаси учун ўзи жавоб беради.

Масаланинг яна бир томони бор, судья битта иш кўриши давомида бир неча кишини оқлаши мумкин. Ёки аксинча, битта судья бир нечта иш кўриб, биттадан шахсни оқлаши мумкин.

- Умуман, айбсизлик презумпцияси деган атама бугун қанчалик ишлаяпти, вилоят суди раиси сифатида бу ҳақдаги фикрларингиз кўпчилик учун қизиқ.

- Айбсизлик презумпцияси - айбдорнинг жинояти қонуний тартибда исбот қилинмагунча уни айбсиз деб фараз қилиш. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ёки ўзини айбдор деб кўрсатиш ҳам қонунда белгиланган тартибда айби исботланмагунча уни айбдор деб бўлмайди.

Айбсизлик презумпцияси қонун устуворлиги ва одил судловнинг асосий мезонларидан бири. Таъкидлаганимдек, суд ҳимояловчи орган сифатида намоён бўлаётган жараёнда айбсизлик презумпцияси қатъий амал қилиши шарт. Суд жараёнларида ҳам жиноят содир қилган шахснинг айби тўлиқ исботланмагунча унга жиноятчи деб таъриф берилмайди ва шунга мос муомала, муносабат қилинмайди. Тергов давомида қамоққа олинган ва ҳибсда сақланаётган бўлса, “маҳбус”, яъни “ҳибсга олинган” деб аталади. Суд ҳукми чиқиб, ҳукм қонуний кучга кирганидан кейингина у шахс “маҳкум”, яъни “ҳукм қилинган” деб аталади.

- Ҳокимият органларининг тийиб туриш механизмларига асосан судларда бошқарув органлари, халқ тили билан айтганда, маҳаллий ҳокимликларнинг қарорларини бекор қилиш амалиёти мавжуд. Аммо ўз навбатида улар ҳоким бошчилик қилаётган Кенгашга ахборот беради. Бу судларни ҳоким олдида муте қилиб қўймаяптими?

- Вилоят суди раиси халқ депутатлари вилоят Кенгашига ахборот бериш амалиёти мавжуд. Лекин эътибор қилинг: ҳисобот эмас, ахборот беради.

Кенгашга ахборот бериш эса ҳисобдорлик, сиз айтмоқчи бўлгандек, ҳокимга мутелик келтириб чиқармайди. Суд мустақил орган. Ахборот беришнинг мазмуни шуки, халқ депутатлари Кенгашлари ҳудуддаги муаммоларни муҳокама қилиш, ҳал қилиш учун ишлайди. Шу боис суд раиси Кенгашда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият ҳақида ахборот берар экан, қайси турдаги қонунбузилишлар ошгани, салбий томонга ўзгарган рақамларга депутатлар эътиборини қаратади.

- Судларнинг халққа хизмат қилиши учун Самарқанд вилоятида қандай лойиҳа ёки амалий ишларга қўл урилмоқда?

- Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган. Одил судловни амалга оширишнинг ўзи амалий фаолиятдир. Суд органлари лойиҳа билан ишламайди, амалдаги қонунчиликка асосланади. Қонун ижодкорлиги юзасидан таклифлар эса тегишли тартибда Республика Олий судига юбориб турилади.

Ёқубжон Марқаев суҳбатлашди.