Судларга мурожаат: нималарни билиш зарур?

Барча фуқаролар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар бузилган ҳуқуқлари юзасидан судга оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
Қайд этиш лозим, судларга икки хил тоифадаги - муайян иш билан боғлиқ бўлмаган оддий хат тарзидаги, яъни ариза, таклиф, шикоят ҳамда муайян низо ёки иш билан боғлиқ бўлган, яъни, ариза, даъво аризаси, илтимоснома, шикоят билан мурожаат қилиш мумкин.
Биринчи тоифадаги яъни, муайян иш билан боғлиқ бўлмаган мурожаатлар Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунида белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Яъни, бундай мурожаатлар судга келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши лозим. Агар кўриб чиқиш муддати узайтирилганда бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.
Иккинчи тоифадаги мурожаатлар эса тегишлича фуқаролик ишлари бўйича судларда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида, жиноят ишлари бўйича судларда Жиноят-процессуал кодексида, маъмурий судларда Маъмурий суд ишларини юритиш кодексида, иқтисодий судларда Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Қайд этиш лозим, даъво аризасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
- ариза берилаётган суднинг номи;
- даъвогарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, агар даъвогар ташкилот бўлса, унинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳамда реквизитлари, шунингдек, агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва манзили;
- жавобгарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, агар жавобгар ташкилот бўлса, унинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳамда реквизитлари;
- даъвогарнинг талаби;
- агар даъво баҳоланиши керак бўлса, даъвонинг баҳоси;
- даъвогар ўз талабига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва даъвогар томонидан баён қилинган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;
- жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
- аризага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Фурқат Аноров,
фуқаролик ишлари бўйича вилоят судлов ҳайъати судьяси.