Суғориладиган майдонда ўзбошимчалик билан ноқонуний уй-жой қурган тойлоқликлар жаримага тортилди

Ер бебаҳо неъмат, ундан оқилона фойдаланиш фуқаролик мажбурияти ҳисобланади. Қонунларимизда ҳам ердан самарасиз фойдаланиш, унга зарар етказганлик учун жавобгарлик белгиланган. Аммо кўрилаётган чораларга қарамасдан қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда фуқаролар томонидан ер ресурсларидан қонунга зид тарзда фойдаланиш, ерни ўзбошимчалик билан ўзлаштириш ҳолатлари учрамоқда.  

Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Тойлоқ туман бўлими ходимлари томонидан Ер кодекси ижроси юзасидан ўтказилган моторинг-таҳлил тадбирлари давомида шу каби қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, Хўжаюз маҳалласида яшовчи уч нафар фуқаро ҳеч қандай ҳужжатсиз, “Мусохон Зиёхон” фермер хўжалигига ижарага берилган суғориладиган майдонни ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний равишда уй-жой қурган. Ер майдони қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқарилиши оқибатида давлатга 43 миллион 358 минг 773 сўм зарар етказганлиги маълум бўлди.

Ҳолат бўйича Тойлоқ туманлараро фуқаролик суди жавобгарлар ҳисобидан давлат фойдасига 43 миллион 358 минг 773 сўм миқдордаги етказилган зарар ва давлат божи ундирилишини белгилади.

Фурқат УМИРОВ,

инспекциянинг Тойлоқ туман

бўлими бошлиғи ўринбосари.