Сунъий қиш ҳосил қилишмоқчи, унинг оқибати қандай бўлади?
Олимлар сайёрамиз ҳароратини пасайтиришмоқчи. Бу ҳазил ҳам, тентаклик ҳам эмас. Америка иқлимшунослари 2019 йилда ғайриоддий тажриба ўтказишмоқчи. Улар стратосферага аэрозол баллон билан ҳаво шари учиришади. Баллонда карбонат кальций (бўр кукуни) бўлади. Кимёвий бирикма 20 километр баландликда чангитилади, зонд эса аэрозол булутлари орасидан Ерга қайтиб, осмонда бўлган ўзгаришларни таҳлил этади.
Бу нимага керак?
Глобал исиш сабаблари ҳақида ҳар қанча баҳслашиш мумкин. Аммо у исбот талаб этилмайдиган далил. ХХ аср бошидан ҳаво ҳарорати 0,74 0С даражага ошди. Агар жараён шу тарзда давом этадиган бўлса (саноат чиқиндиси камайтирилмаса, ўрмонлар тикланмаса, "яшил" энергетика-майсазорлар кўпайтирилмаса), ҳарорат 4 0С даражага кўтарилиши мумкин. Оқибати эса аянчли – океан сув сатҳи кўтарилади, қирғоқ бўйидаги шаҳарларни сув босади, миграция оммавий тус олади, ўлим кўпаяди, ҳар хил табиий офатлар – қурғоқчилик, довуллар, сув тошқинлари рўй беради.
Жуда кўп олимлар, буларнинг олдини олиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар етарли натижа бермайди, юқори самарали усулларни қўллаш керак, деб ҳисоблайдилар ва ўз лойиҳаларини таклиф қиладилар. Бундай чоралар мажмуаси геоинженерия деб аталади.
Унинг оқибати нимага олиб келади?
Олимлар стратосферага сепиладиган кимёвий заррачалар қуёш нурини қайтариши натижасида Ер юзаси совушига умид қилмоқда. Бунга улар вулқон отилиши натижасида чанг осмонни қоплаб нурини тўсиб қўйган ҳолларда дунё бир неча йил давомида қишга чўмганини мисол қилиб кўрсатишмоқда.
Аввалига стратосферага сульфат заррачаларини чангитиш режалаштирилган эди. Аммо аниқланишича, бу олтингугурт кислотаси пайдо бўлишига олиб келаркан. У эса бизни қуёш радиациясидан ҳимоя қилувчи озон қатламини емиради. Тадқиқотчилар тажриба ўтказиш учун бошқа кимёвий бирикма қидиришга киришдилар. Бу карбонат кальций экан. У қуёш нурини қайтарибгина қолмай, олтингугурт, азот ва турли кислоталарни бартараф этади. Натижада стратосферада озон қатламига зарар етмайди.
Аммо 3 миллион доллар қийматга эга тажриба бошқа мутахассисларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Улар аэрозол чангитиш стратосферада ўнглаб бўлмас оқибатларни келтириб чиқариши – дунё океани исиши ва унинг сатҳи кўтарилишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирдилар. Бундан ташқари, деҳқончилик катта зарар кўради, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили камайиб кетади.
Яна қандай таклиф бор?
Иқлимшуносларда ғояларнинг чеки йўқ. Вашингтон университети олимлари денгиз сувидан булут ҳосил қилишни таклиф этишмоқда. Улар уни атмосфера юқорисида секундига бир неча триллион зарра тезлигида махсус пуркагич ёрдамида чангитишни мўлжаллашмоқда. Уларнинг ҳисоб-китоблари бўйича сунъий булут қуёш нурининг бир қисмини қайтаради, бу эса сайёрада ўртача ҳароратни пасайтиради.
Геоинженерия лойиҳаларининг бутун бир серияси Арктикага қаратилган. Биринчи вазифа – унинг музи эриши тезлигини камайтириш. Чунки Арктика муз қалпоғи қуёш нурини қайтариб океан илишининг олдини оладиган улкан кўзгудир.
Аммо иқлим жараёнига космосдан ҳам таъсир қилиш мумкин экан. Охир оқибат қуёш нурланиши айнан ўша томондан келади-да! Америкалик астроном Рожер Энжел бунинг учун фантастик фильмлардаги сингари космосга 16 триллион кремний дисклардан иборат улкан зонт чиқариш ғоясини илгари сурди. У қуёш нури бир қисмини сайёрамизга тушишдан қайтаради. Энжел яна орбитага йўлдошлар катта гуруҳини чиқаришни таклиф қилади. Бундай флотилия Ер юзасида 300 миллион гектар майдонда соя ҳосил қилиб, ўртача ҳаво ҳароратини пасайтирар эмиш.
Ушбу ғоялар нечоғлик хаёлий бўлмасин, ҳар ҳолда кимнингдир калласига келадиган сайёрамизнинг қайсидир бурчагида қатор қудратли термоядро портлашлари ўтказиш ахмоқона ғоясидан яхшироқдир. Портлашдан атмосферага кўтариладиган чексиз миқдордаги чанг, ядро қиши ва кескин совушга олиб келиб, Ердаги ҳаётга нуқта қўйиши мумкин. Худога шукр, ундан кўра глобал исиш ҳар ҳолда яхшироқдир, дейди соғлом фикрли олимлар.
"АиФ" (2019 й. 1-2-сонлар)дан Т.ШОМУРОДОВ таржимаси.