"Тадбиркор" электр ва газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, давлатга 5 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказди
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорликда ўтказган текширувда "нафси ҳакалак отган" Каттақўрғон шаҳрида яшовчи фуқаро А.А. томонидан тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан, табиий газ ва электр энергиясига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди.
Уддабурон "тадбиркор" қонунга хилоф тарзда газ ва электр манбаларига уланиб, 33 сотих ер майдонида 3 та оҳак цехи ташкил этган. Маълум бўлишича, фуқаро А.А.нинг ноқонуний фаолияти фақат бир ҳудуд билан чекланиб қолмаган. Каттақўрғон туманининг Гўзал маҳалласи ҳудудида жойлашган 2 та уйда иккитадан печь ўрнатиб, мазкур ҳудудда ҳам табиий манбаларга ўзбошимчалик билан уланиб олиб, ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш билан шуғулланган.
Очиқланган қонунбузарлик ҳолатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилган. Етказилган зарарнинг дастлабки ҳисоби электр энергияси бўйича 110 миллион сўмни, табиий газ бўйича 5 миллиард сўмдан ортиқ миқдорни ташкил қилган.
Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.