Тадбиркорлар, карантин қоидаларига риоя қилинг!
Бугунги пандемия шароитида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, банкротлик ҳолатига тушиб қолмаслиги учун зарур чоралар кўрилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар билан берилган имтиёз ва преференцияларнинг тадбиркорларга қўлланилиши ҳолати бизнес-омбудсман томонидан назорат қилиб борилмоқда.
Жумладан, пандемия даврида вилоятимиздаги 1860 нафар тадбиркорга фойдаланилмаётган объектлар бўйича 8,4 миллиард сўмлик оширилган (ер ва мол-мулк) солиқларни ҳисоблаш тўхтатилди. Қийинчиликка дуч келган 6123 нафар тадбиркорнинг 972 миллиард сўмлик кредит тўловлари кечиктирилди. Ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган 819 нафар тадбиркорга давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларининг ҳисобланиши ва ундирилиши тўхтатилди.
Президентимиз раҳбарлигида 3 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида карантин чораларини юмшатиш бўйича бир қатор топшириқлар берилди.
Республика махсус комиссияси қарорига кўра, коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда Каттақўрғон шаҳри ҳамда Каттақўрғон, Нарпай, Қўшработ, Нуробод, Булунғур ва Пахтачи туманлари “яшил” тоифага киритилган. Жомбой ва Иштихон туманлари эса “сариқ” тоифа бўлди.
2020 йил 5 июндан бошлаб “яшил” ҳудудларда:
меҳмонхоналар, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар, бошқа дам олиш масканлари ва жойлаштириш воситалари фаолиятига (хостеллар бундан мустасно);
уй-меҳмонхоналари ва солиқ органларида рўйхатдан ўтган дала ҳовлилар (дачалар) фаолиятига (фақат оилавий меҳмонларга хизмат кўрсатиш учун);
меҳмонхоналар, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар, бошқа дам олиш масканларида жойлашган ҳамда очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) фаолиятига;
индивидуал шуғулланиш учун тренажёр заллари ва бассейнлар фаолиятига;
таълим марказлари, тўгараклар (10 кишидан кўп бўлмаган гуруҳ ташкил этиб, вақтини олдиндан келишган ҳолда) фаолиятига, шунингдек диний ташкилотлар фаолиятига;
15 июндан бошлаб эса:
умумий овқатланиш объектлари, буюм бозорлари фаолиятига;
мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига;
ҳудудлар ўртасидаги автобус қатновларига рухсат берилмоқда.
Ўз навбатида ўрнатилган карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш, жумладан, жамоат жойлари ва тадбиркорлик фаолияти объектларида ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаш, уч кишидан ортиқ йиғилмаслик, фуқароларнинг тиббий ниқоб ҳамда антисептик воситаларидан фойдаланиш;
деҳқон, қурилиш бозорлари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат савдо нуқталари (супермаркет ва бошқа йирик дўконлар) кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш ҳамда ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 даража ва ундан юқори бўлган ҳолатда, ушбу мажмуаларга киритмаслик чораларини кўриш;
барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “туннел”лар билан таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаган ҳолда фаолият юритиш, шунингдек фаолият турлари бўйича белгиланган санитария қоидалари ва меъёрларига риоя қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз ва масъулиятимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз фаолиятларида белгиланган карантин ва санитария қоидалари ва меъёрларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширишингизни сўраб қоламиз.
Б.ХОЛМАТОВ,
Бизнес-омбудсманнинг Самарқанд вилоятида
фаолият юритувчи бош инспектори.