Тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари адлия томонидан тикланди

Давлат кадастрлар палатаси Нуробод тумани филиали хатоси билан электрон маълумотлар базасига тумандаги “M. S.” хусусий корхонаси (қисқартирилди)га тегишли бўлмаган мулк киритилган ҳамда асоссиз равишда ер ва мол-мулк солиғи ҳисобланган.

"Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида"ги қонуннинг 9-моддасига кўра, давлат реестрига киритиладиган маълумотлар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлардаги маълумотлар билан таққосланувчан ва уларга мувофиқ бўлиши керак. Бироқ филиал масъуллари кўчмас мулк объекти тўғрисидаги маълумотларни ўрганмаган ҳамда маълумотлар хато киритилган. Оқибатда бир мулкнинг турли шахсларда икки марта рўйхатга олиниб, асоссиз солиқ қарздорлиги юзага келишига йўл қўйилган.

Корхона раҳбари мазкур хатоликни тўғрилашларини сўраб, тегишли идораларга мурожаат қилган. Аммо бу мурожаатлар эътиборсиз қолдирилгач, тадбиркор бузилган ҳуқуқларини тиклашда вилоят адлия бошқармасидан кўмак сўради.

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси мазкур қонунбузилишини бартараф этиш тўғрисида Давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармасига тақдимнома киритгач, ҳолат ижобий ечим топди ва хусусий корхонанинг ҳуқуқлари тикланди.