Тажрибали журналист бўлғуси журналистларга маҳоратдан сабоқ берди

Таниқли публицист, адиб ва шоир, Самарқанд вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида галдаги маҳорат дарсини ўтди. Устоз сабоқни талабаларга 50 дона китоб ҳадя этишдан бошлади.

Ўн йилдирки, Ф.Тошев ҳар йили Тошкентга келиб, бўлғуси журналистларга касб маҳоратидан сабоқ бериб, амалиёт сирларини ўргатиб кетади. Ҳар гал у самарқандлик ижодкорларнинг янги китоблари ҳамда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталаридан 50-60 нусхани факультет кутубхонасига топширади, бир қисмини бўлғуси журналистларга тақдим этади.

Ўз навбатида ҳар йили талабалардан бир гуруҳини “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририятида ташкил этилган “Журналистик маҳорат маркази”га олиб бориш йўлга қўйилган.

- Талабалар етук журналист бўлишлари учун назарий билимларни пухта эгаллаш баробарида амалиёт сирларини ҳам ўрганишлари зарур, – дейди университет журналистика факультети доценти Аҳмаджон Мелибоев. – Ҳар гал ёш ижодкорларимизни Самарқандга олиб борганимизда улар йўл-йўлакай табиат манзараларига ошно бўлиб, кўҳна ва навқирон шаҳар гўзалликларидан илҳомланиб кетади. Шу тариқа “Зарафшон” газетасининг навбатдаги сонини устоз-у шогирдлар билан биргаликда нашрга тайёрлайди.

Ф.Тошевнинг “Қарнабчўл қўшиғи”, “Онанг тирик, болам”, “Мен ёмғирли кунда келаман”, «Сўз айтмоқ саодати», “Адиб ва адабиёт”, “Тазарру”, “Тузоқ” сингари ўнлаб китобларини ўқиган мухлислари, айниқса ёшлар ўз фаолиятлари учун андоза оладилар.

– Ижодкор ҳаётини китобсиз, ижодсиз тасаввур қила олмаслиги керак, – дейди Ф.Тошев. – Адабиёт, бадиий ижод интеллектуал фазилат, ботиний ҳисларга асосланади. Бўлғуси журналистлар кўп ўқиб-ўрганиб, ижодий руҳ, илҳомбахш туйғулар билан камол топишини истайман.

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ журналистика факультети доценти.