Таълим жараёни рақамлашмоқда, таълим сифати-чи?

Тошкент Кимё халқаро университети Самарқанд филиалида “Таълим жараёнини рақамлаштириш истиқболлари ва муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил қилинди.

Мазкур анжуман таълим жараёнини модернизация қилиш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, рақамли технологияларни таълим тизимига жорий этиш ҳамда турли фан соҳаларида рақамли ечимлардан фойдаланиш имкониятларини кенг муҳокама қилишни мақсад қилган.

- Бугунги кунда барча соҳаларда бўлгани каби таълим соҳаси ҳам рақамлашмоқда, - деди Тошкент Кимё халқаро университети Самарқанд филиали директори, профессор Низомжон Ишонкулов. – Шу мақсад йўлида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари масаласи ҳақида фикр алмашиш учун халқаро доирада олимларни жалб этдик. Хорижий давлатлардан келган олимлар ўзларидаги мавжуд муаммолар билан ўртоқлашяпти, ютуқлар эътироф этилиб, камчиликларга ечим изланяпти. Кейинги йилларда олий таълим тизимида ҳам рақамлаштириш орқали кўплаб қоғозбозлик ишлари камайди, Hemis тизими орқали олий таълим жараёнини бошқариш амалиёти йўлга қўйилди. Филиалимизда 15 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади, уларни ҳужжатлаштириш ишлари, таълим жараёнини бошқариш тизими рақамлаштирилган. Таълим жараёнини рақамлаштириш орқали таълимнинг самарадорлиги ва сифатини янада оширишга эришишимиз керак.        

Анжуманда 300 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар илмий мақола ва тезислари билан иштирок этмоқда. Қатнашчилар Европа, Осиё ва МДҲ давлатларидан келган бўлиб, бу рақамлаштириш масаласининг глобал миқёсдаги долзарблигидан далолат беради.

- Ҳозирги кунда бутун дунёда олий таълим муассасалари олдида турган муаммо ва савол шундан иборат: сунъий интеллект таълимни қанчалик ўзгартиради? - деди Тошкент Кимё халқаро университетининг молия кафедраси мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент Шоҳжаҳон Элмуродов. - Адашмасам, икки кун олдин сунъий интеллект бир кунга ишламади. Натижада анча иш тўхтаб қолди. Шунда биз сунъий интеллектга қанчалик боғланиб қолганимизни тушуниб етдик. Хўш, энди нима қилиш керак? Университетларнинг олдида турган вазифа сунъий интеллектдан фойдаланиш этикасини талабаларга ўргатишдан иборат. Талабалар сунъий интеллектга суяниб, китоб ўқимай қўйди. Сунъий интеллектдан фақат таълим олишда қўшимча бир восита сифатида фойдаланиш лозим, лекин ҳамма нарсани ундан сўраш керак эмас.

Икки кун давом этадиган илмий-амалий анжуманда олимлар олтита шўбада таълим жараёнларини рақамлаштириш ва инновацион технологияларни жорий этишнинг иқтисодий аҳамияти, фанларни ўқитишда рақамлаштириш амалиёти каби мавзуларда муҳокамалар олиб боради.

Анжуман доирасида тақдим этилаётган илмий ишланмалар, таълим тизимига татбиқ этилиши мумкин бўлган методик таклифлар ҳамда рақамли трансформация бўйича илғор хорижий тажрибалар Ўзбекистоннинг таълим сифатини ошириш, академик муҳитни рақамлаштириш ва инновацион ёндашувларни кенг жорий этишга хизмат қилади.

Хуршида Эрназарова.