Таниқли давлат ва жамоат арбоби Назир Ражабов 84 ёшида оламдан ўтди

Н.Ражабов 1987–1988 йилларда Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилган эди.

1939 йилда Бухоро вилоятида туғилган Назир ака Ўрта Осиё политехника институтини муҳандис-механик мутахассислиги бўйича тамомлади. Турли соҳаларда раҳбарлик лавозимларида ишлади. 1975–1977 йилларда Бухоро вилояти партия қўмитаси котиби, 1978–1984 йилларда Қурилиш вазири сифатида самарали фаолият олиб борди. 1984–1987 йилларда Наманган вилоятига, 1987–1988 йилларда Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилди.

Самарқандда биринчи раҳбар лавозимида ишлаган даврида Н.Ражабов ташаббуси билан вилоятда кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, ижтимоий-иқтисодий йўналишларда катта ютуқларга эришилди. Шу боис самарқандликлар у киши амалга оширган хайрли ишларни алоҳида ҳурмат тилга олишади. Деҳқонлар, айниқса, оддий касб эгалари, ҳатто ўрта бўғин раҳбарлари билан тил топишиш, эркин суҳбат қуриш, уларнинг мулоҳазаларини эшитиш, фикрларини ҳисобга олиш хислатларини бугунги ёшларга ибрат қилиб кўрсатишади.

Н.Ражабовнинг самимийлиги ўша давр одамларида фидокорона ишлашга имкон яратди. Йиғилишларда янги китоблар, санъат асарлари, газета янгиликлари ҳақида тўлиб-тошиб гапирар, ҳар бир самарқандликни шундай фаолият кўрсатишга ундарди.

1988 йил «пахта иши» авж олган даврда Н.Ражабов лавозимидан озод этилиб, ҳибсга олинди ва умрининг 9 ойини қамоқда ўтказди. Тергов жараёнида унга қўйилган айбловлар тасдиқланмагач, у кишига тиркалган жиноят иши тугатилди.

Халқимизда "Дунё яхши инсонларга суянади", деган гап бор. Аммо бу яхшилар орасида ҳам Аллоҳ назар қилганлари, иқтидорли ва ноёб заковат эгалари мавжуд. Қирқ беш ёшидаёқ вилоятнинг биринчи раҳбари, мамлакат ва республика давлат мукофоти соҳиби бўлган Назир Ражабов ана шундай мўъжизавий хислатли инсонлардан бири эди.

Назир Ражабовнинг ёрқин хотираси самарқандликлар қалбида абадий сақланади.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги.