Тансоқчи ҳикояси: Шароф Рашидовнинг вагонда ўтган сўнгги кунлари
Шароф Рашидовнинг 1979-1983 йилларда тансоқчиси бўлиб хизмат қилган комиссар Саъдулла Муҳаммадқулов билан Алишер Навоий театрининг шундоққина биқинидаги кафеда ўтирибмиз. 1983 йилнинг кузида Шароф аканинг «оғзига сув томизиб, лабларини ҳўллаб, кўз ўнгида тобора сўниб бораётган жондан пичирлаб чиқаётган миннатдорчилик сўзларини эшитган» йигит шу киши бўлади.
Шароф ака учун фарзандидек бўлиб қолган бу йигит республикамизнинг биринчи раҳбари умрининг сўнгги тўрт йилидаги сафарларида доим ҳамроҳ бўлган. Ёш, очиқ чеҳрали, чаққон, тансоқчиларга хос бақувват ва келишган бу йигит шунча йил Шароф аканинг ўлими ҳақидаги ҳақиқатни сир сақлаб, сочларига оқ тушган. Аммо ҳамон кўркам, ҳаракатлари тез ва аниқ, юзида чиройли кулгиси барқ уриб турибди.
Ўзбекистонликларни 40 йил қийнаган саволларни ичида сақлаган тансоқчи
Бутун собиқ Иттифоқни, барча юртдошларимизни шу пайтгача қийнаган саволларни, воқеаларни ичида сақлаб юрган бу йигитнинг «ёрилиб кетмагани»га ҳайрон қоласан киши. Комиссар, тансоқчиларнинг қисмати шу-да, дейман ўзимга ўзим.
Шароф Рашидовнинг ўлими тафсилотлари ҳақида ҳақиқатан ҳам камдан-кам одам хабардор бўлган.
– У кишининг вафоти вақтида ёнида рафиқаси Хурсандой ая, мен ва врач бўлганмиз, – дейди хавфсизлик хизматида узоқ йиллар, мамлакатнинг Шароф Рашидовдан ташқари яна икки раҳбарига тансоқчилик қилган захирадаги КГБ полковниги Саъдулла Муҳаммадқулов.
Шароф Рашидовнинг вафотидан кейин унинг ўлими сабаблари тўғрисида жаҳоннинг турли оммавий ахборот воситаларида ҳар хил хабарлар тарқатилди. Баъзилар ўзини отди, бошқалар заҳар ичиб ўлди, яна бировлар қайсидир хорижий давлатга кетиб қолди, деб хабар берган.
Бу гаплардан ҳатто ғарб давлатлари газета ва журналлари ҳам четда қолмаган эди. Гап шундаки, бир кун олдин Ўзбекистон телевидениесининг «Ахборот» дастурида Шароф аканинг Хоразм вилоятидаги хизмат сафари ҳақида маълумот берилиб, унда Урганч ва Хива шаҳарларига ташрифи ҳақида ҳикоя қилинганди. Шундан бир кун аввал соғ бўлган одамнинг тўсатдан ўлганига ҳеч кимнинг ишонгиси келмасди.
Энди Саъдулланинг ўз кўзи билан кўрган воқеалар тафсилотлари билан бирма-бир танишиб чиқайлик.
– Гапни сал илгарироқдан бошлайман, – дейди Саъдулла ака. – Ўлимидан бир-бир ярим ой илгари, 1983 йилнинг сентябрида Шароф ака Совет Иттифоқи делегациясининг раҳбари сифатида Эфиопияда сафарда бўлган эди. Африка қитъасидаги бу мамлакат денгиз сатҳидан жуда баландда жойлашганлиги сабабли тиббиёт таомилига кўра ҳар бир раҳбар Эфиопияга келганидан кейин камида икки соат ётиб дам олиши ва мамлакат иқлимига мослашиши шарт эди. Аммо Шароф ака ҳар галгидек дам олмади. Бу эса Шароф аканинг узоқ муддат самолётда парвоз қилиши саломатлигига таъсир кўрсатмай қолмаганди.
Эфиопия пойтахти Аддис-Абебадан Москвага, ундан кейин дам олмасдан Тошкентга учиб келади, кўп ўтмай Тошкентдан яна Москвага учиб, 3-4 кун мобайнида КПСС Марказий Қўмитаси томонидан ўтказилган мажлисда қатнашади. Бу ҳам унинг соғлиғига ътаъсир қилади.
24 октябрь куни “Тошкент—Урганч”, 26 октябрда “Урганч —Тошкент”, 27 октябрда яна “Тошкент — Урганч”, 28 октябрда “Урганч — Тўрткўл — Урганч” йўналишлари бўйича самолётда учишлар ҳам Шароф Рашидов саломатлигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. 24-30 октябрь кунлари Шароф Рашидович автомашинада ҳар куни эрталаб соат 9 дан кечки соат 20:00 - 21:00 ларгача 250-300 километрдан йўл босиб, аввалига Хоразм вилояти ҳудудларини, кейин Қорақалпоғистон Автоном Республикаси районларини айланиб, фаоллар билан мажлислар ўтказади. Бу, албатта, 66 ёшга кирган, бир марта инфарктни бошидан кечирган, Иккинчи жаҳон урушида олган жароҳатини танасида олиб юрган кишидан қанчалик катта жисмоний ва руҳий куч-қувват талаб этишини тасаввур қилиб қўринг.
Бу сабаблар, яъни ўзини ўйламасдан, топширилган вазифани бажариш мақсадида, камтаринлик қилиб ҳамма юкни ўз зиммасига олиш ва халқининг обрў-эътибори учун ўзини қурбон қилиш унинг ўлимига сабаб бўлувчи оқибатларни келтириб чиқарганди.
Шароф Рашидович бошқа ҳамкасбларига ўхшаб йилда икки марта дам олгани йўқ. Пахта йиғим-терими сиёсий масала эканлигини, қолаверса, ўз ишига фидойилиги туфайли Москванинг Марказий шифохонасида эмас, ҳатто Марказқўмнинг Тошкентдаги биринчи стационарида ҳам эмас, балки хизмат сафари вақтида ўзи яшайдиган торгина вагонда жон берди.
Шароф Рашидовнинг ўлимига Ҳайдар Алиев билан бўлган суҳбат сабаб бўлмаган
КПСС Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, СССР Министрлар Совети Раисининг биринчи ўринбосари Ҳайдар Алиев бошчилигидаги Иттифоқ делегацияси 26 октябрда Москвадан Тошкентга учиб келади, Шароф Рашидовичнинг ўзи уни кутиб олади. Бундан бир кун олдин Шароф Рашидов Урганчдан учиб келган эди. Мен навбатчиликни тансоқчи Володя Бондаренкодан қабул қилиб олдим. Уйга бораётганимизда, машинада Шароф ака кейинги уч кунлик режа-дастурни кўриб чиқдилар ва дастурни бажариш бўйича тегишли кўрсатмаларни берди. Охирида «Мулла Саъдулла, сиз биз билан Урганчга бирга учасиз», деб тайинладилар.
Мен ўша куннинг ўзида белгиланган дастур бўйича бутун тизим (КГБнинг махсус қўриқчилар тизими)ни хабардор қилдим. Эртасига Ҳайдар Алиев бошчилигидаги делегация аъзоларини кутиб олдик. Меҳмонлар резиденцияга жойлашгандан кейин овқатланишди. Кейин махсус программага асосан Тошкент метрополитени, «Халқлар дўстлиги» съездлар саройи ва бошқа объектларни томоша қилди. Шароф Рашидовичнинг ўзлари ҳамроҳлик қилганлари учун мен ҳам улар билан бирга бўлиб, суҳбатларига гувоҳ бўлганман. Улар сиёсий, иқтисодий ва бошқа муаммоларни муҳокама қилдилар. Ҳ.Алиев ва Ш.Рашидов ўртасида яхши муносабатлар мавжуд эди. Чунки уларнинг бундан аввалги бир неча учрашувлари (Тбилиси, Ереван ва Москвада) ана шундай руҳда ўтганига гувоҳ бўлганман. Шароф Рашидович Ҳайдар Алиев билан кечки овқатдан кейин хайрлашиб, машинага ўтирганларида кайфиятлари яхши эди. Чунки одатдагидай «қани, мулла Саъдулла, «Маяк»ни қўйингчи, янгиликларни эшитайлик», деб кулиб, буйруқ бердилар.
Шароф Рашидов эртасига — 27 октябрь куни эрталаб соат 7:00да Ҳайдар Алиев бошчилигидаги делегацияни Вьетнамга жўнатиб, соат 8:00да Андрей Громико ҳамроҳлик қилаётган Финландия делегациясини Марказқўмда қабул қилдилар. Соат 11 ларда биз Дўрмонга қайтаётганимизда Шароф Рашидов менга «мулла Саъдулла, бугун соат 17:00 да Урганчга учамиз, биласиз-а?» дедилар...
Мен ҳамма топшириқларини бажарганлигим ва учишга тайёргарлик кўрилганлигим ҳақида ахборот бердим.
Дастур бўйича 27 октябрь куни кечқурун соат 17:00да “ЯК-40” самолётида Урганчга учдик. Шароф Рашидовичнинг саломатлиги, кайфияти яхши эди, аммо қаттиқ чарчаганликлари билиниб турарди. Ўша куни кечқурун ўзларининг ёрдамчилари Георгий Алексеевич Крайнов билан ҳужжатлар устида вагондаги салон-меҳмонхонада анча вақт ишладилар. Соат 23:00 ларда дам олиш учун ётоқхоналарига кириб кетдилар. Ҳаво салқин бўлгани ва чарчаганликлари учун сайр қилгани чиқмадилар.
28 октябрь куни эрталаб соат 9:45да автомашинада бориш узоқ бўлгани учун, “Як-40” самолётида Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа районлари хўжаликларидаги пахта йиғим-терими ишлари билан танишиш учун Тўрткўл районига учиб кетдик. У ерда обкомнинг биринчи котиби К.Камолов, “Средазирсовхозстрой” бошлиғи Н.Ҳамроев ва автоном республиканинг бошқа раҳбарлари кутиб олдилар. Аэропортда улар билан қисқа суҳбатдан кейин мутасадди кишилар билан бирга хўжаликларни кўриш учун чиқиб кетдик.
28 октябрь куни Шароф Рашидович чарчаганлигига қарамасдан, Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний районларининг пахта майдонларини кўриб чиқди. Ҳар бир хўжалик раиси, бригада бошлиқлари, механизатор ва бошқа мутахассислар билан суҳбатлашиб, маслаҳатлар ва топшириқлар берди. Бундан ташқари, ҳар бир районнинг олдиндан белгиланган хўжалигида, район фаоллари билан суҳбатлашиб, уларга пахта режасини бажаришда кўрсатаётган жонбозликлари учун миннатдорчилик билдириб, республика пахта хирмонига иложи борича кўпроқ пахта топширишларини тайинларди.
Шу куни Шароф ота Элликқалъа туманидаги колхозлардан бирида пахта теришга ҳашарга чиққан оқсоқоллар билан суҳбат қилиб, улардан халқнинг кайфияти, ҳол-аҳволи ва камчиликлари ҳақида сўради. Оқсоқоллар қишлоқлардаги вазият, халқнинг турмуш шароити ва ҚҚАССРнинг пахта топширишда иккинчи ўринда кетаётганидан хурсанд бўлиб гапирдилар. Одатдагидай оқсоқоллар 3-4 кишининг яшаш шароитидаги камчиликлар ҳақида гапириб берди. Биз бу камчиликларни ёзиб олдик ва Шароф Рашидович мутасадди раҳбарларга кўрсатма бергандан кейин, оқсоқолларга бу топшириқларнинг бажарилишини шахсан ўзи назорат қилишга ваъда берди.
Одатда Шароф Рашидович қайси вилоятга бормасин, оқсоқоллар билан албатта, суҳбатлашар, уларнинг маслаҳатларини олар ва бошқалар яширишга ҳаракат қилган ҳақиқатни улардан билиб олар эди. Тушган шикоят ва аризаларнинг ижросини шахсан назоратга оларди.
Шу куни кечқурун 18:00да Урганчга самолётда қайтдик.
29 октябрь куни Шароф Рашидович Урганч ва Хива шаҳарларининг баъзи объектларини ҳамда Хива районининг хўжаликларини кўриб чиқди. Ўша куни кечқурун Шароф Рашидович мени чақириб, «30 октябрда Урганчда вилоят партия қўмитасининг пленуми бўлади. Биз Пленумни ўтказиб, кечқурун Нукусга етиб борамиз. Сиз, ука, вагонларни Нукусдаги темир йўл тупиги (темирйўлнинг Шароф аканинг вагони турадиган боши берк йўлаги)га жойлаштириб, керакли ишларни бажариб, бизларни кутиб оласиз», деб топшириқ бердилар.
30 октябрь куни эрталаб Шароф Рашидович Хоразм вилояти партия комитетига жўнаб кетдилар. У кишига ёрдамчилари Г.Крайнов, вилоят партия комитетининг биринчи котиби М.Худойберганов ва бир ойдан бери хос соқчи бўлиб ишлаётган А.Филатов ҳамроҳлик қилиб кетдилар.
Соат 11:00 да биз Шароф аканинг махсус вагонида Нукусга жўнаб кетдик. Шу куни соат 14:00 ларда Нукусга етиб бордик ва соат 16:00 ларда вагонни махсус тупикда жойлаштириб, керакли алоқа тизимларни ўрнатдик ҳамда хавфсизлик билан боғлиқ ҳамма чора-тадбирларни ўтказиб, Шароф отани кута бошладик.
Соат 17:20да Шароф Рашидович Қорақалпоғистон вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби Қалибек Камолов ҳамроҳлигида Амударёнинг пантон кўпригидан ўтиб Гурлан-Амударё-Нукус йўналиши билан «тупик»ка етиб келдилар. Амударё районининг Крупская номли колхозида тушлик қилишди. Чарчаганларига қарамай Гурлан ва Амударё районларидаги хўжаликлардаги ишларни кўриб чиқдилар. Тупикка келганларидан кейин вагонда Қалибек Камолов ва унинг аёли Любов Семёновна билан бир соатча суҳбатлашиб ўтиришди.
Ҳаммаларининг кайфиятлари ёмон эмас эди. Қ.Камолов хотини билан чиқиб кетаётганида эртанги дастур ва борадиган йўналишларни Шароф Рашидович билан келишиб олди. Улар кетгандан кейин Шароф ота одатдагидек рафиқалари билан сайр қилди. У кишининг ёрдамчилари обкомдан келиб Шароф Рашидович билан суҳбатлашди...
Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ.
(Давоми бор)