Тарих келажак учун қандай сабоқ беради?

Цивилизация жараёнига ўтишда ишлаб чиқаришнинг такомиллашуви, давлатчилик асосларининг вужудга келиши, меъёрий-ҳуқуқий асосларнинг юксалиб бориши муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, ҳар қандай кишилик жамияти ривожланиши замирида инсонларнинг ахлоқий, маънавий юксаклиги ҳам тараққиётнинг мезони саналади. Бунга тарихдан кўплаб мисоллар мавжуд.

Масалан, массагетлар маликаси Тўмариснинг Аҳамоний ҳукмдори Кир II устидан қилган ғалабасини айнан ана шундай юксак ахлоқий тарбиянинг ахлоқсизлик устидан қилинган ғалабага қиёслаш мумкин. Александр Македонский юртимизга юриш қилганида Спитаменни ҳийла йўли билан енгишининг натижаси ўлароқ тақдири фожеали тугади. Араблар биз яшаётган ҳудудларни эгаллаб, ислом дини, араб ёзуви, араб бошқарув тизимини ўрнатди. Ислом дини қоидалари халқимизнинг урф-одатларида, маънавиятида муҳим ўрин тутди, яъни трансформациялашди. IХ-ХII асрларда Шарқ Ренессанси юзага келди. Бунинг асосий сабаби, ота-боболаримиз ислом динини ахлоқий тарбия билан ҳамоҳанг такомилга етказди. Буни алломаларимиз зўрлик йўли билан эмас, балки маърифий, ахлоқий тарбия йўли билан амалга оширдилар.

Имом Бухорий Бухоро ҳукмдори билан бўлган муносабатларининг якунида Самарқанд яқинига келиб, шу ерда вафот этди. Бугун аллома мақбараси зиёратига дунёнинг турли бурчагидан минглаб инсонлар келишининг ўзи ахлоқий тарбия инсонни алал оқибат улуғлашини билдиради.

Мўғуллар юртимизни эгаллаб олиш жараёнида мисли кўрилмаган ваҳшийликларни содир этди. Асрлар ўтиб, халқимиз ўзига хос ахлоқий қарашларни, исломий эътиқодни қабул қилди.

Чор Россияси мустамлакаси даврида маҳаллий аҳолини “руслаштириш” сиёсатини жорий этди. Совет давлати миллий ва бой тарихий қадриятларимизни, халқимиз фарзандларини қатағон қилди. Фашизм олдида мағлубиятга учраётган собиқ иттифоқ миллий, диний қадриятларни шошилинчда тиклашга уринди. Соҳибқирон Амир Темур тақдирига қизиқди, Навоий асарлари тикланди, Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлар идораси тузилди, “Алпомиш” достони яна ўрганила бошланди. Ахлоқий қадриятларнинг тикланиши самараси ҳамда инсонийликка эътибор орқали фашизм устидан ғалаба қозонилди.

ХХI асрга келиб глобаллашув, фан-техника тараққиёти баробарида долзарб муаммолар юзага келди. Яъни, экологик вазият оғирлашди, халқаро терроризм, диний ва миллий адоватларнинг кучайиши, иқтисодий буҳронларнинг давомийлиги сақланиб қолмоқда. Шунингдек, коррупцион иллатлар, наркобизнес, наркотик моддалар истеъмоли ўсиб, ахлоқий тарбия тубанлашиб бормоқда. Дабдабабозликлар оқибатида юзага келган исрофгарчиликларни миллий ва диний маросимларни чеклаш орқали харажатларни “тежамоқчи” бўлдик. Ахлоқсизликларни эса чеклай олмай қолдик. Айрим ижтимоий тармоқларда турли ахлоқсизликларни тарғиб қилувчи ҳолатлар учрамоқда.

Фикримча, бу глобал муаммолар ва иллатлардан қутулишнинг бирдан-бир чораси - ахлоқий тарбия тизимига қатъий амал қилиш.

Файзулло БОЙМУРАТОВ,

Жомбой туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси.