Тарихдаги сурбетларча содир этилган ўғирликлар
Кўпчилигимиз қаҳрамонлари бойлик орттириш мақсадида дунёнинг энг машҳур жиноятчилари бир жойда тўпланиб, маккорлик ишлатиб, ўғирлик қилишга қарор қилган фильмларни томоша қилишни яхши кўрамиз. Ушбу фильмларда муваффақиятли босқиндан сўнг, пул ёки заргарлик буюмларини қўлга киритган қароқчилар қуёш ботган томонга қараб жўнаб кетишади, полиция эса бутун дунё бўйлаб уларни топиш ва қўлга олиш учун муваффақиятсиз ҳаракатларни амалга ошира бошлайди.
Кўпинча бундай сценарийлар шунчаки бошдан олинмайди, улар ақлбовар қилмайдиган, безбетлик билан содир этилган ҳақиқий ўғирликларданилҳомланиб суратга олинади.
“United California” банкидаги босқин
1970 йилларда содир бўлган ҳужум ўша пайтдагиэнг йирик жиноятлардан бирига айланди. Тахминий ҳисоб-китоблар, АҚШнинг Калифорния штатидаги банк филиали сейфидан 100 миллион доллардан ортиқ маблағ олиб чиқилгани ҳақида гапиради.
Босқинда Эмиль Динсио бошчилигидаги “Лагуна Нигель” тўдасининг 7 нафар аъзоси иштирок этган. Босқинчилар банкка бостириб кириб, тезда сейф ичини бўшатиб, сўнг номаълум томонга қочиб кетишган.
Қароқчилар ўз муваффақиятларини такрорлашга ва яна бошқа банкка ҳужум қилишга қарор қилмаганларида, эҳтимол, ҳеч қачон қўлга олинмаган бўларди. Иккинчи операция улар учун муваффақиятли кечмади ва бутун жамоа қўлга олинди.
Орадан кўп йиллар ўтиб, тўда аъзоларидан бири бу икки ўғриликка бағишланган “Суперўғри” китобини ёзишга қарор қилди.
Бағдоддаги йўқотиш
Банклардаги барча босқинлар ҳам шовқин-сурон, қурол ишлатиб банк мижозларини гаровга олиш билан тугамайди. 2007 йилда Бағдоддаги “Дар ас Салом” хусусий банкида тарихдаги энг сокин ўғирликлардан бири содир этилди.
Эрталаб ишга келган банк ходимлари, асосий эшик очиқ ва ичида ҳеч нарса йўқ “яланғочланган” сейфларни кўрди.
Банк сейфида 282 миллион доллар бор эди. Пулларга қўшилиб, 3 нафар қўриқчи ҳам йўқолган. Сирли ҳодиса, бу талончилик қандай амалга оширилганини ҳеч ким ҳеч қандай тарзда тушунтириб бера олмади.
Қароқчиларга полиция ёрдам берган, ўғирланган пулларнинг бир қисми эвазига уларни хавфсизлик постлари орқали олиб ўтган, деган тахминлар бор.Ўғирликка кейинчалик ҳеч ким кўрмаган, пуллар билан бирга йўқолган қўриқчилар ҳам алоқадор бўлгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалгани бор гап.
Тарихдаги энг катта олмослар ўғирлиги
Бу ерда ҳамма нарса оддий: дунёдаги энг катта қимматбаҳо тошлар ўғирлиги жуда ибтидоий тарзда амалга оширилди.
2005 йилнинг 25 февралида катта партиядаги олмосларни Амстердамнинг Схипхол аэропортидан Антверпен шаҳрига олиб ўтиш режалаштирилган эди.
Ҳодисадан бир ой олдин бир неча комплект аэропорт формаси ўғирланган ва айнан шу формаларни кийган тўрт киши барчанинг кўз ўнгида қурол олиб чиқиб, олмосларни олиб кетаётган юк машинаси ҳайдовчисига таҳдид қила бошлаган.
Ҳайдовчини чиқариб юборган қароқчилар машинага ўтириб, аэропортдан номаълум томонга жўнаб кетишди. Текширув давомида ўғирланган юк машинаси тасодифан танланмагани ва ўғрилар ундаги бор олмослар ҳақида аэропорт хавфсизлик хизмати ходимларининг биридан билиб олгани аниқланди.
18 йилдирки, полиция ҳақиқий босқинчиларни топишга ҳаракат қилмоқда, ҳатто бир нечта гумондорлар ҳибсга олинди, бироқ ҳалигача ўғирланган олмослар топилмаган.
Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, ўша куни жиноятчилар ўзлари билан деярли 120 миллион долларлик қимматбаҳо тошларни олиб кетишган.
Ўғирлик баҳосини аниқ ҳисоблашнинг иложи йўқ. Чунки олмосларнинг кўпчилиги қирраланмаганэди, бу эса баҳолаш ва қидирув ишларини қийинлаштиради.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.