Тарихимиздаги ғурур ёхуд ғуруримиздаги шонли тарих хусусида
Бу саёҳатга Чандигар шаҳар Қитъалараро маданият ва санъат ассоциацияси ташаббуси билан 42 нафар ўзбекистонлик ижодкорларнинг ҳинд тилига ўгирилган ижодий ишлари ўрин олган «Олтин кўприк» тўплами тақдимоти сабаб бўлди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган саёҳатда Самарқанддан ҳам икки нафар ижодкор қатнашди.
Ҳиндистон бўйлаб ўн кун
Бизни ҳинд халқининг севимли шоираси, ассоциация раиси Манжид Индира бошлиқ бир гуруҳ шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар кутиб олишди. Сафимизда устоз ёзувчи Муҳаммад Али, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент ва жиззахлик ижодкорлар бор.
Ҳиндистонда Бобир Мирзога бўлган ҳурмат-эҳтиромни кўриб фахрландим.”Ўзбекистондан, Самарқандданмиз” деган жавобимизни “Ҳа, Бобур...Бобурнинг юртидан!” деб тасдиқлайдилар, гўёки, Ўзбекистон, Самарқанд, Бобур сўзлари бир хил мазмунга эгадек. Бобур ва Бобурийлар қолдирган мерос, меъморий обидалар ҳамон Ҳиндистоннинг дунё тамаддунидаги тарихий салоҳиятини жаҳонга кўз-кўз этиб турибди. Деҳлидаги “Ҳумоюн” мақбараси, “Қизил қалъа” “Кўҳна қалъа”, Агра шаҳридаги “Тож-Маҳал”, унинг бағридаги Шоҳжаҳон даҳмаси, “Акбаршоҳ” мақбаралари, шоира Зебунисобегимнинг қабрларига нигоҳим тушар экан, қалбимда ғурур, алланечук дард-алам исён қилди, кўзларимга беихтиёр ёш келди. Яна ўша армон – агар Бобур Мирзо Самарқандни ноилож тарк этмаганида эди, меҳр-муҳаббат ва садоқат тимсоли “Тож-Маҳал” албатта Самарқандда,ё, Андижонда қурилган бўлармиди.
Бобурийлар бунёд этган қасрлар, мақбараларнинг меъморчилик услублари, айнан, Самарқанд меморчилиги анъаналарига ўхшаш, об-ҳавосини айтмайсизми, 33, 35 даража иссиқ, аммо обидалар ҳудудида худди Амир Темур мақбарасидаги, Регистон ва Бибихоним, Улуғбек мадрасалари, расадхоналаридаги каби салқин ҳаво, эпкин шабада жонингизга ором бағишлайди. Боболарим яшамоқчун жой танлашни билганлар, деган ўй кечди хаёлимдан.
Самарқанд, Бухоро, Хоразм меъморий ёдгорликларининг нақши ранг-баранг. Ҳиндистондаги тарихий ообидаларда эса оқ ва қизил рангларнинг мутаносиблиги бор. Оқ ва қизил мармарлардан қад кўтарган қасрлар, қизил мармар тўшалган ҳовли, майдонлар ҳар куни ташриф буюраётган миллионлаб сайёҳларни бағрига олмоқда. Қалъа боғларидаги олмахонлар, Акбаршоҳ мақбараси боғида солланиб юрган оҳулар кўз ўнгимдан кетмайди.
Рус тилида ажабтовур гапира оладиган ҳинд йигити бизни қалъанинг атрофини ўраб олган айвон устунларига эътиборимизни қаратди. Айвоннинг ҳар бурчагига бизни биттадан жойлади ва кафтимизни деворга қўйиб, секин шивирлаб гапиришни буюрди. Ажабо, орамиз ўн-ўн беш метр бўлса хам нариги бурчакда турган киши деворга қулоғини қўйиб, мен шивирлаб, секин айтган сўзимни худди телефонда эшитгандек аниқ эшитди ва мен ҳам уни шундай тингладим. Тилмочнинг айтишича, қаср соқчилари бир-бирларига ана шундай, девор орқали хабар юборар ва шоҳга етказар эканлар. Бу ҳолат сири ҳамон жумбоқми ёки ечилганми, билишга улгурмадик.
Бобуршоҳ хаста ўғли Ҳумоюннинг ҳаётини сақлаб қолиш учун Аллоҳ олдида ўз жонидан кечишга тайёр эканлигини билдиради, бу воқеани устоз ёзувчимиз Примқул Қодиров “Юлдузли тунлар” асарида моҳирона тасвирлаган. Ҳиндистонда Ҳумоюн хотираси билан боғлиқ икки жой – Ҳумоюн мақбараси ва Кўҳна қалъа, Бобур мирзо Ҳиндистонни эгаллагандан сўнг илк бор қўним топган жой, қизил мармардан ясалган қалъа. Ушбу Кўҳна қалъанинг ичида Бобуршоҳ қурдирган бир неча мадрасалар, кутубхона, хаммом, Ҳиндистонда биринчи бунёд этилган обсерватория мавжуд. Бобур шоҳ 1530 йилда вафот этган, китоблари қалъа ичидаги икки қаватли, саккиз бурчакли кутубхонада сақланган. Ҳумоюн шоҳ 1556 йил 24 январ куни ушбу бинонинг иккинчи қаватидаги обсерваторияда тонг чоғи юлдузларни кузатиб, бомдод номозини ўқиш учун пастга тушаётган чоғида, иккинчи қават зинасидан йиқилади ва жароҳат олиб, икки кундан сўнг вафот этади. Ҳозир бу кутубхонага кириш таъқиқланган. Сайёҳлар Ҳумоюн йиқилган жой – кутубхонани алоҳида келиб кўришади.
Ҳумоюн вафотидан кейин унинг хотини алоҳида мақбара қурдиради ва ҳозирги сайёҳлар, зиёратчилар билан гавжум қаср, Ҳумоюн мақбараси бунёд этилади. Аградан Деҳли шаҳрига қайтар эканмиз, ўрмонзорларидаги тўда-тўда маймунларни томоша қилдик, улар йўловчилардан қочмас экан, аксинча, йўл четидаги деворлар устида ўтириб олиб, ҳадя сўрашади, сахий йўловчилар уларга турли хил ноз-неъматлар совға қилишади. Маймунларни шаҳар ичидаги кўчаларда ҳам учратиш мумкин. Ҳамроҳим Эркатош Шукурованинг қўлидаги музқаймоғини бир она маймун олиб қочди, қўлтиғида муштдаккина болачаси ҳам бор эди, дейди шоирамиз.
Ўн кун сафарнинг икки куни китобимиз тақдимоти билан ўтди, қолган саноқли кунларда эса, мамлакатдаги барча туризм масканларини кўриб чиқишга ажратилди. Тарихий обидалар, қадамжолар билан бир қаторда ҳашаматли қурилган чиройли меъморчилик, ҳайкалтарошлик услубларига эга масжидларни кўп учратдик. Масжидларда худди ўз юртимиздаги каби азон товушлари янграб турибди.
Менга ҳинд халқининг миллий кийимларга, динига, миллий урф-одатларига бўлган юксак ҳурмати жуда ёқди, оилавий бўлиб зиёрат қилаётган минглаб ҳинд халқини қадамда, ҳар бир зиёратгоҳда учратишингиз мумкин. Сайёҳларнинг камида тўқсон фоизини ҳинд халқининг ўз зиёратчилари ташкил этади.
Бобурийлар сулоласидан кейинги яратилган тарихий обидаларнинг ичида Акшардам зиёратгоҳи бугунги Деҳлининг фахри. Ҳар куни икки-уч миллионга яқин сайёҳлар, маҳаллий халқ вакиллари ушбу қадамжони зиёрат қиладилар. Бино ичидаги дарё ва иккала соҳилда жойлашган Ҳиндистон тарихининг кўргазмасини қайиқларга ўтириб томоша қилар экансиз, бу манзарани кашф этган ихтирочининг маҳоратига тасаннолар айтасиз. Кўз ўнгингизда ибтидоий жамоа, тош асридан бошлаб, токи бугунги кун ҳаётига қадар бўлган тараққиёт жараёни, оддий тош қуролидан бошлаб, атом асригача ҳамда тиббий юксалиш, маориф, маданият, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларнинг ривожланиш даврлари акс эттирилган табиат ва ясама одамларнинг, худди, ҳақиқий жонли одамлардек гапириши, табиат ҳодисаларининг кўрсатилиши театр саҳнасидагидек кўз ўнгингизда намойиш этилади. Ҳар кун кечқурун Акшардам биноси ҳовлисидаги амфитеатрда, минглаб томошобинлар нигоҳида, фонтанлар жилосида, 3D усулида ажойиб кўнгилочар нуртасвир кўринишлар намойиш этилади. Бу зиёратгоҳнинг чиройини тасвирлашга тил ожиз, шунинг учун ҳам обида ичкарисига бирорта телефон ёки камерали кишиларни киритишмайди, гўёки, унинг чиройи сир сақланаётгандек.
Ҳар қандай сайёҳ борган жойида албатта ўша юртнинг бозорига тушади ва нарх-наволарини таққослайди. Ҳиндларнинг миллий таомлари ҳақида жуда кўп мақтовлар эшитган эдим. Ҳиндистоннинг бозорлари ниҳоятда бой ва гавжум. Энг муҳими, ҳиндистонликлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотиш, кийиш ва тановвул қилишга интиларкан. Бозорларида мўл-кўлчилик, йил бўйи мева-чевалар бисёр, биз борган апрель ойида ҳам бозорда тарвуз, ҳандалак, узум анор, цитрус мевалари, манго, папая, кокос, ананас ва ҳоказоларга. Нарх-навога келсак, ўзимизнинг сўмда помидор 4 минг, бодринг 3 минг, банан 5 минг сўм экан. Миллий таомларидан бирями барчамизга манзур бўлди. Таомни меҳр билан пишириш, витаминли зираворлар, кўкатлар, мевалардан фойдаланишлари таҳсинга сазовор. Нонлари ҳам ўзига хос, чапати (қотирма) гуруч ва буғдой унидан тайёрланган. Ҳавоси иссиқ бўлганлиги сабабли ичимлик кўп харид қилинаркан. Улар биздаги каби газланган ичимликларни деярли истеъмол қилишмас экан. Бозор расталари, йўл чеккаларидаги дўконларда тўкин-сочин мевалардан истаганингизни шарбат тайёрлагичдан чиқариб, қўлингизга тутадилар.
Мен бу юртдаги оилалар, эр-хотин муносабатлари, никоҳ масалаларига қизиқдим. Оилавий жанжал, ажримлар, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, нафақа пули, моддий ёрдам кабилар қандай йўлга қўйилганлигини сўраб-суриштирдим. Эр-хотинлик мақоми ҳукумат доирасидаги никоҳ бюросида расмийлаштирилади. Ажримлар ҳақида эса, катта муаммо сифатида бонг уриш шарт эмас, чунки бундай ҳол камдан-кам учрайдиган факт экан. Оиланинг мустаҳкамлиги асосан аёлларнинг зиммасида бўлиб, эрга теккач токи умрининг охиригача бирга яшаш уларнинг миллий урф-одатлари, эътиқодига айланган. Эр-хотин бола тарбияси, рўзғорни тебратиш билан машғул. Агар улар орасида келишмовчилик содир бўлса, бу муаммони фақат шу оиланинг катта ёшдаги аъзолари, ота-оналар, буви-бувалар, қариндошлар томонидан ҳал этилади, бегоналар аралашмайди. Оилавий сирни ичкарида сақлаш, кўчага достон қилиб, нуфузларини йўқотмаслик азалдан бизнинг ҳам миллий урф-одатларимиз, қолаверса, диний ва дунёвий анъанамиз бўлган. Биздаги каби маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси, қолаверса ички ишлар, суд, прократурага тақдирларини бериб, муҳокама қилиш учун ариза бериш. Таржимон орқали бир неча аёллардан “Мабодо, эрингиз билан жанжаллашиб қолсангиз, кимга мурожаат қиласиз?” деб сўрадик. Улар эса, “кимга айтишимиз керак” дея ажабландилар. Бизда эса, оилавий жанжалларни ҳал қилиш, яраштириш маҳалла ёки хотин-қизлар ташкилотининг вазифасига айланиб қолди.
Моддий ёрдам масаласига келсак, ҳиндистонликлар бозор иқтисодиётига мослашиб, кўникиб кетишган. Ҳаммаси оилавий ҳаётини яхшилаш, тирикчилик юритиш, меҳнат қилиб, фарзандларини тарбиялаш билан банд. Бекорчи одам йўқ, боқимандалик деган сўзни ишлатмайдилар. Аксарият аҳолисининг уйи йўқ, аммо, ҳеч кимга даво қилмайдилар, чунки бозор иқтисодиётининг шиори ақлга яраша пул топиш, пулига яраша яшаш.
Ижодкор сифатида ҳиндистонликларнинг оммавий ахборот воситалари, газета ва гезетхонликларига ҳавас қилдим. Газеталарнинг нархи жуда арзон, аҳолиси оммавий равишда газета ўқишади десам муболаға бўлмас, чунки қайси транспортга чиқсангиз, йўловчилар ўқиши учун ҳам газеталар қўйишган, ҳатто йўл четида ўтирган гадонинг қўлида ҳам газета борлигини кўриб, суратга тушириб олдик, демак газеталар ҳаётий ҳамда ўқимишли деган хулосага келдик.
Сафардаги асосий режаларимдан бири, Оқдарё туманида “Тоҳир ва Зуҳра” достони ва миллий қаҳрамонларимизнинг номларини абадийлаштириш учун олиб бораётган ишларим, “Менинг Тожмаҳалим” китобим билан мезбонларни таништириш, чиндан ҳам “Тоҳир ва Зуҳра ”достонини дунёнинг ярми, жумладан Ҳиндистонликлар ҳам билишадими? деган саволимга жавоб топиш эди. Илмий манбаларда “Тоҳир ва Зуҳра” достонини ҳиндистонликлар яхши билишади дейилган ва биз ҳам бу ҳодисанинг гувоҳи бўлдик. Тоҳир исмли йигитлар, Зуҳра исмли қизлар бор. Лойиҳамизни эшитган кишилар, тақдимотдаги ижодкорлар ишимизга муваффақият тиладилар ва албатта зиёратгоҳ қошида қурилажак “Муҳаббат қасри” га келиб, зиёрат қилишларини билдирдилар.
Ойгул МАМАТОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
2019 йил, апрель.