Тарихнинг инсоният сабоқ олмаган энг йирик фожиаси

Тарихни ўрганиш шунинг учун керакки, биз ундан сабоқ чиқаришимиз лозим.

Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларини энг қисқа тарзда баён этадиган бўлсак, қуйидаги рақамлар пайдо бўлади: бу уруш дунё бўйича 37,2 миллион одамнинг ёстиғини қуритган. Собиқ иттифоқ давлатларидан 26,5 миллион, Германия ва унинг иттифоқчиларидан эса 8 миллиондан 13 миллионгача одам қурбон бўлгани айтилади. Шунингдек, Польшадан 6 миллион, Япониядан 3 миллион нафаргача одам ҳалок бўлган. Уруш бошланган даврда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион кишига яқин эди. Шундан 1,5 миллион киши урушга сафарбар қилинган. Қўлга қурол олиб жанг қилган ўзбекистонликларнинг умумий таркибидан 538 минг киши ҳалок бўлган, 158 минг 870 киши бедарак йўқолган, 60 минг 452 ватандошимиз урушдан ногирон бўлиб қайтган. Уруш даҳшати мана шу.

Қаранг, миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон уруши тугаганига саксон йил бўляпти. Инсоният бу урушда кўп нарса бой берди. Ундан олинган ягона нарса — сабоқ бўлиши керак эди. Буни қарангки, жаҳон уруши якуни дейилган кун — 9 майни энг муҳим сана даражасида ҳар йили жаҳоншумул улкан тантаналар билан нишонлайдиган давлатларда бугун яна уруш. Можаролар турли ном билан аталмасин, унда яна 100 минглаб аскарлар аллақачон жон бераётгани кўриниб турган ҳақиқат. Таассуфки, тарихдан хулоса чиқарилмаган экан, қатор давлатларда ҳар йили ўтказилган 9 май тадбирлари тарихнинг аччиқ кунларини эслаш эмас, куч-қудрат намойишига айланган экан.

Шулар ҳақида ўйларканман, 9 май санасининг нима сабабдан “Хотира ва қадрлаш куни” деб ўзгартирилгани ойдинлашади. Токи, уруш, унда қон кечганлар хотираси ҳурмат қилинар, тирик қолганлар эъзозланар экан, мамлакатда ҳеч ким уруш тарафдори бўлмайди. Чунки уруш иштирокчиларини қадрлаш, бу, аввало, урушга бошқа йўл қўймасликдир.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари юртимизда саноқли. Улар доимий ва ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эъзозда. Хусусан, Каттақўрғон туманида икки нафар уруш қатнашчиси - Боғот маҳалласида 99 ёшли Раҳмат бобо Қобилов ва Тарнов маҳалласида 99 ёшли Райим бобо Юсупов истиқомат қилади. Туманга борганимизда бизга минг истиҳола билан бу отахонларни ҳозир безовта қилмай турсак яхши бўларди, дейишди. Сабаби, кейинги кунларда кўплаб ташкилотлардан уларнинг хонадонига меҳмонлар борган, совға-саломлар улашилган, суҳбатлашилган, хабар олинган... Хуллас, маълум муддат дам олишлари лозимлигини айтишди. Бир томондан, кўришмаганимиздан бироз афсусландик, иккинчи томондан, бугун бу фахрийлар ҳамманинг эътиборида эканидан хурсанд бўлдик. Майли, ўз вақтида тинчлик учун қўлига қурол ушлаган бу боболаримиз ҳар қанча эъзозга лойиқ.

Шундан сўнг архивдан, ОАВ саҳифаларидан, ушбу фахрийларнинг шу кунгача эълон қилинган суҳбатларини қизиқиб, ўқиб чиқдим. Эътибор беринг, энг кўп нима ҳақда гапиришган: “Уруш бўлмасин!”.

Яқинлари ҳам, тумандаги катта-кичик ташкилот вакиллари ҳам уруш қатнашчиларидан энг биринчи шу гапни эшитишларини билдик. Уруш кўрган, қон кечган одам унинг даҳшатини ҳам биздан кўра яхшироқ англаши шубҳасиз.

Дарвоқе, уруш қатнашчиси Раҳмат бобо Қобиловнинг ўз хотираларидан яқиндагина айтган сўзлари видеолавҳасини кўриб чиқдим: “1943 йил, уч ойлик тайёргарликлардан сўнг мени Харков шаҳрига урушга ташлашди... урушга киришим мана шу шаҳардан бошланди. Бу шаҳарни озод қилишда ҳиссамиз бўлган”, дея оғир хотираларини қийналиб сўзлайди бобо. Мени эса ўй босади, яхшиямки бобо ҳозир ҳам Харьков уруш майдонига айланганини билмайди. Йўқса, ўз вақтида 100 минглаб ўғлонларнинг оққан қони бекор кетибди, деб надомат чекарди...

Албатта, сиёсатчи ё эксперт эмасман, бугунги можароларда қайси томон айбдор экани ҳақда ҳам хулоса бермайман. Айта олганим шуки, инсоният ўз бошидан кечирган энг катта урушдан сабоқ чиқармаган экан! Уруш бўлмасин, дея ҳар куни айтадиган боболаримизга эса ҳурматимиз чексиз.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.