“Тармоқ – корхона – олийгоҳ”: Таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорлик қандай самара беряпти?
Вилоят ҳокимлиги вакиллари ҳамда вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети жамоаси билан учрашуви бўлиб ўтди.
«Тармоқ - корхона - олийгоҳ» тамойили асосида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш.Худойбердиев, вилоят ҳокимининг ёрдамчиси Н. Ибрагимов ҳамда вилоятдаги йирик корхоналар раҳбарлари ва тадбиркорлар, университетнинг профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Раҳбар ва тадбиркорлар дастлаб университетнинг илмий ва инновацион салоҳияти, олийгоҳдаги мавжуд имкониятлар, Ўзбекистонда ветеринария, биотехнология ва чорвачилик соҳасини ривожлантириш учун илмий кадрларни интенсив тайёрлаш бизнес инкубаторини ташкил этишга қаратилган «Мега лойиҳа» ҳамда амалга оширилаётган бошқа лойиҳалар билан танишди.
Масъуллар «Мега лойиҳа» доирасида паррандачилик, эчкичилик, қуёнчилик, қўйчилик, қорамолчилик, балиқчилик ва асаларичилик соҳасида амалга оширилаётган илмий изланишлар ва ютуқлар ҳақида маълумот берди. Ветеринария клиникаси фаолияти ва ветеринария жарроҳлиги амалиёти кўрсатиб берилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари халқаро лойиҳалар доирасида ташкил этилган ўқув лабораториялар билан танишиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятидаги ўрни ҳақидаги маълумотга эга бўлишди.
Шундан сўнг университет педагогик кадрлари илмий ишланмалари тақдимоти ва уларни амалга ошириш йўллари, университет илмий педагогик кадрларининг вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди. «Тармоқ - корхона - олийгоҳ» тамойили бўйича қилиниши лозим бўлган масалаларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналари билан интеграцияни йўлга қўйиш борасида мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда таклифлар тақдимоти қилинди, корхоналарда кафедралар ташкил этиш, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётларини изчил йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди. Учрашувда иқтидорли битирувчи талабалар томонидан тақдим этилган стартап лойиҳа ва таклифни амалда жорий этишга келишиб олинди.
Тадбир давомида битирувчи талабаларни ишга жойлаштириш ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда битирувчи талабалар ўзларига маъқул бўлган иш ўринлари билан танишди.
Рустам Ҳайитов.