Ташқи реклама қоидаларига риоя қилмаслик жаримага сабаб бўлади
Бошқармамиз томонидан вилоятимиз ҳудудида реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида доимий ўрганишлар ўтказиб келинмоқда.
Аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўриб борилмоқда.
Хусусан, ўрганиш давомида Самарқанд шаҳар ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган
“Kiwi Gold Trade” МЧЖга қарашли KIWI номли супермаркет ва “Aziz Amira Gold” МЧЖга қарашли "Исломбек Золото" номи остида фаолият кўрсатаётган заргарлик дўкони томонидан ўзбошимчалик билан ташқи рекламалар ўрнатганлиги аниқланди.
Ушбу ташқи рекламаларга ўрнатиш ҳуқуқи олинмаган ҳамда реклама тили талабларига риоя этилмаган.
Аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари ҳудудий бошқарма томонидан белгиланган низом доирасида кўриб чиқилди ва қонунбузилиш ҳолатини тўхтатиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, ҳудудий бошқарманинг мурожаатига асосан Самарқанд шаҳар иқтисодий суди томонидан “Kiwi Gold Trade” МЧЖга қарашли KIWI номли супермаркет ва “Aziz Amira Gold“ МЧЖга қарашли "Исломбек Золото" номли заргарлик дўконига нисбатан молиявий жарималар қўлланилди.
Шукурулло Шамшиев,
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси.