Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Темир дафтар”дан оилавий тадбиркорликка

Аёл икки йил олдин ҳам сентябрь яқинлашса, юрагини ҳовучлаб турарди: болаларимга қандай қилиб мактаб кийими олиб бераман?

Уч нафар фарзанди мактабга боради, турмуш ўртоғининг ишлагани нимага ҳам етарди. Бугун эса унинг кайфияти бошқача, мактабга кийим-кечакни ўйлаб ўтиргани йўқ, янаям замонавийроқ жиҳоз олиб, ишни кенгайтирсам, деган ниятларда ўтирибди.

Яна бир оиланинг аҳволи ҳам шундай эди. Эр-хотин пойтахтга бориб, пишириқ цехида оддий ишчи бўлиб ишлар, топганини қишлоғига, уйига сарфларди. Бир йил бўлди, бугун улар ўз қишлоғида бинойидек цех ташкил қилишган.

Ишонч ва озгина далда. Аслида биз узоқ йиллар тадбиркорликни ривожлантиришимиз керак, деб бонг урганимиз билан бу йўлдаги тўсиқларни кам тилга олардик. Тилга олганимиз билан ҳам катта ўзгариш бўлмасди. Кредит олишдаги тўсиқлардан тортиб, электр энергиясидаги узилишлар, ҳужжатлаштириш ишларидаги сарсонгарчиликлар ўзи шундоғам юрак ҳовучлаб иш бошлаган одамга салбий таъсир қилар, ишни бошлаб олгач ҳам қатор муаммолар гирдобида қолган тадбиркор даромадларини яширишдан тортиб, қатор ноқонуний ишларга қўл урарди.

Кам таъминланган оила вакилларининг тадбиркорликни бошлаши хаёлимизга ҳам келмасди. Манаман деган пулдорлар бу соҳада ўз ўрнини зўрға топиб юрибди-ю, пули йўқларга йўл бўлсин, дердик.

Бугун вазият ўзгарганини одамлар орасида, туман, маҳаллаларда бўлганингизда янаям ҳис қиласиз. Булунғур туманидаги баъзи маҳаллаларда бўлганимизда тадбиркорликни бошлаган бир нечта аёллар бир йилгина аввал турли дафтарларда рўйхатда тургани маълум бўлди.

Кўрсатадиган тузук тадбиркор саноқли эди

-Ўшанда туманда хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида фаолият юритардим. Тадбиркор хотин-қизлар билан танишишга келган мутасаддиларга қайсини кўрсатсак, деб ўйланиб қолардик, тўғриси, - дейди Булунғур туман оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Насиба Мамадиёрова. – Бирови иш бошлаган бўлса-да, аммо электр энергиясидаги узилишлар туфайли ишга шай қилиб тайёрлаб қўйилган цехлари ҳувиллаб ётар, бирови маҳсулотини сотишда қийналаётган бўларди. Ҳозир истаган маҳаллага боринг, албатта, ҳеч бўлмаса, битта бўлсаям, янги тадбиркорлик иши бор. Куннинг истаган пайтимизда борсак, ишлаб ётган бўлади.

Қолаверса, хотин-қизлар муаммосини ҳал этишда ваколатимиз бўлса-да, аммо масалани у ёки бу ташкилотга айтибгина ҳал этиш имконимиз бор эди. Бу эса ҳамкор ташкилотларга қўшимча ташвиш бўлгани учун табиийки, ижроси узоқ вақт чўзиларди.

Бугун мана, кўриб турганингиздек, гарчи моддий ёрдам сўровчилар сони ортган бўлса-да, аммо аниқ мақсад, бирон иш бошлаш ниятида мурожаат этаётганлар ҳам кўпайди. Чунки одамлар атрофдагиларини, бирор натижага эришган ҳамқишлоқларини кўряпти, шундан хулоса чиқаряпти. Имтиёзли кредит олиб, кичикроқ бўлса-да, иш бошлаганларнинг ҳаётида ўзгаришлар содир бўлаётир. Яхшиси, буларнинг ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўрганингиз маъқул.

Опа билан тумандаги Мингчинор маҳалласига бордик.

Ишлаган тишлайди

Тўрт минг аҳоли истиқомат қиладиган бу маҳалла яқиндагина обод маҳаллага айланган. Маҳалладаги юзлаб киши иш билан банд бўлган 68 турдаги хизмат кўрсатиш шохобчалари маҳалла биноси атрофида жойлашган, имтиёзлар берилгани  туфайли уларнинг сони кундан-кун кўпаймоқда.

- Аввалига туман бандлик бўлими билан ҳамкорликда маҳалла қошида тикувчилик, пишириқ пишириш, сартарошлик каби йўналишларда мономарказнинг бўлимларини ташкил қилдик, - дейди “Мингчинор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси  Саодат Аллаёрова. – Қизиқувчилар сони ортди. Қўлидан тикиш келиб қолган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга тикув машинкалари бердик, ўз ишини бошлаб олди. Бошқа соҳа бўйича ҳам қизиққанларга ёрдам кўрсатдик. Бугун бир пайтлардагидан фарқли ўлароқ ишлайман, деганга ёрдам беришнинг имкони бор. Афсуски, ҳаммаям ишлайман, демаскан-да. Баъзилар қўшнимга тикув машинкаси берибсан, менга қани, деб жанжал қилиб келадиган бўлди. Ўша асбобни берсангиз, икки кун ўтмай, сотиб юборади.

Бир мисол айтай. Иш топиб беринг, деган 20 нафарча хотин-қизларни жамладим. Самарқанддаги 8-март корхонасига ишга олиб бордим, ҳар куни автобусда корхона ўз уловида ишчиларини олиб бориб, қайтариб келадиган бўлди. Натижаси нима бўлди, биласизми? Уч нафаригина ишлашга рози бўлиб қолди. Ваҳоланки, иш унчалик мураккаб эмас, маошиям ишига қараб, вақт ўтган сайин кўтарилиб борадиган тартибда эди.

Бошқа ҳудудларни билмадим-у, аммо бизнинг маҳаллада ишлайман, дегани рўзғорини уддалаб кетяпти. Ишлаган – тишласин, бошқа қоида йўқ.

Каттагина гузар ростдан ҳам туман марказидан қолишмайдиган тарздаги тартиб ва аҳолига қулай тарзда қурилган. Бу ерда сартарошхонадан тортиб, бир нечта тикувчилик цехлари, ҳаммом, дераза ромлари ишлаб чиқарувчи корхона, каравоту эшиклар ясайдиган ҳунармандлар, ошхоналару, турли савдо нуқталари, болалар майдончаси бир-бирига мутаносиб тарзда қурилиб, фаолият кўрсатмоқда. Бир сўз билан айтганда, Мингчинор вилоятга намуна бўлгулик даражадаги аҳолига хизмат кўрсатувчи ҳудудга айланибди.

Оддий ишчи эдик, корхона эгасига айландик

- Бундан бир неча йил аввал маҳаллада “Темир дафтар”да рўйхатда турардик, - дейди Фарида Бегалиева. - Турмуш ўртоғим иккаламиз Тошкентдаги пишириқ цехларида ишлаб, зўрға кун кечирдик. Биласиз, оддий ишчи бўлиб ишлаб, кун кечириш осонмас. Ҳарна рўзғоримиз ўтиб турибди-ку, деб ишладик. Ҳаракат қилсанг, ризқсиз қолмас экансан. Қишлоққа келган кунларимизда маҳалламиздагилар бирон иш билан шуғулланасизларми, имтиёзли кредит олишингиз мумкин, деб қолди. Бир неча йил пишириқ цехида ишлаганимиз учун бу ишнинг ҳадисини олганмиз. Ўзимизни қишлоқда бошлаб кўрсак-чи, деб ўйладик. Таваккал дея имтиёзли кредит олишга рози бўлдик. Етмаганига қарз-қавола қилиб, катта печ, хамир қоргич каби ускуналарни сотиб олдик. Оилавий корхона ташкил этиб, аввал уч-тўрт хил турдаги пишириқларни пишириб, савдога олиб чиқдик. Мижозларга маъқул келгач, сони кўпайди. Буюртмага қараб, турли ширинлик, байрам тортлари, патир ва бошқа маҳсулотлар ҳам тайёрлаймиз. Куз ойларидан бошлаб буюртма кўп бўлгани учун ўн нафарга яқин маҳалла қизлари ҳам шу ерда ишлайди, ёзда ўзимиз эплаймиз. Ҳозир ҳатто қўшни Жиззах вилоятидан ҳам мижозларимиз кўп.

Бу йил “Темир дафтар”дан чиқдик. Ўзимиз учма-уч кун кўрардик, эндиликда қайнимни уйлантирдик, уй-жойимизни яхшилашга ҳаракат қиляпмиз, қарзлардан қутуляпмиз.

Сентябрь келса, юрагим зирилларди...

Қовун қовундан ранг олади, деганларидек, Мингчинорга яқин Гулзор маҳалласи ҳам яқин кунларда йирик гузарга айланиш арафасида. Бу ерда ҳам аҳоли учун бир нечта хизмат кўрсатиш турлари ташкил этиш режалаштирилган. Баъзилари аллақачон ўз ишини бошлаган ҳам.

- Бошқа маҳалладан шу ерга келиб, у ҳовлидан бу ҳовлида ижарада яшаб юргандик, - дейди Феруза Довурова. – Маҳалладагилар барака топсин, вақтинча яшаб туришга бўлса-да, жой топиб беришди. Тошкентда тикув цехида ишлаб келганим учун тикиш-бичишдан хабарим бор. Тикув машинкасиям беришди. Ҳозир маҳалла ёнидаги бинолардан бирида иш бошладик. Уч фарзандим, турмуш ўртоғим билан ҳаракат қиляпмиз. Шукур, “Аёллар дафтари”дан катта тадбиркор бўлиб чиқиб кетишни мақсад қилганман.

Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Зилола Холназарова ҳам ўтган йили “Аёллар дафтари”га киритилган эди. Бугун у ўтган йили унга берилган тикув машинкаси ёнига ўз ҳисобидан яна битта машинка, оверлог каби асбобларни сотиб олиб, дугонаси билан тикув цехи очиб, иш бошлаб юборган.

- Тўғрисини айтсам, ҳатто ўтган йили ҳам сентябрь келса, юракни ҳовучлаб турардим, - дея гапириб беради Зилола биз билан суҳбатда. – Ахир, уч нафар ўғлимизга мактаб кийимларию жиҳозларини олишга қийналиб қолардик-да. Бу йил бу қийинчиликларни енгиб ўтдик. Ҳозирча катта миқёсдаги буюртмаларга эҳтиёжимиз йўқ, қишлоқ аҳлининг кийим-кечакларини тикиб беришгагина улгуряпмиз. Кейинчалик йирик буюртмалар олиб ишлайдиган тадбиркорлардай иш юритишни мақсад қилганмиз.

Алоҳида еримиз бўлмагани учун мол қилишга ҳам қурбимиз етмасди, унинг озуқасига пул қаёқда эди, дейсиз. Турмуш ўртоғим гилам цехида ишлайди, маоши ҳам катта эмас. Ёнига қўшилганим учун рўзғоримизда ҳам ўзгаришлар бўлди. Ҳозир мол-ҳол ҳам қилдик. Муҳими – сентябрь келса, юрагимиз зирилламайдиган бўлди, шукур. “Аёллар дафтари”да ҳам эмасман энди.

Ҳа, бугун кўпчиликнинг онгига сингиб қолгандай, “Аёллар дафтари”да туриш қандайдир мўъжиза ёки осмондан келадиган мукофот эмас. Ишламоқчи, ўзини тиклаб олмоқчи бўлганларга шароит, имконият, зина вазифасини ўтаб беради, холос.  Бир умр пул билан таъминлаб туришни режа қилмаган ушбу “дафтар”. Ногиронлиги бўлган оилаларга эса ёрдамдир.

Гулруҳ МЎМИНОВА, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси.